«Ташаббусли бюджет» лойиҳасининг 2-босқичида фаоллик кўрсатган Фурқат туманидаги «Томоша» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси «Менинг йўлим» лойиҳасида 1 млрд. 200 млн. сўмлик маблағ ютиб олишди. Ушбу маблағ ҳисобига Мевазор, Дўстлик, Шифокор кўчаларининг 2,7 км. қисми асфальтланди.
Ёзда чанг, қишда лой кўчалар асфальт бўлганидан томошаликлар роса суюнишган эди. Аммо бу хурсандчилик кўпга бормади. асфальтланган кўчалар уч ой ичида ҳавас қилиб бўлмас ҳолатга келиб қолди.
Айниқса, Дўстлик кўчасига ётқизилган асфальт йўлнинг ҳолати ачинарли. асфальтланган кўчанинг йўли аллақачон сифатини йўқотиб, тошлари кўчиб, шағалга айланган. Йўлнинг аксарият қисмида ўйдим-чуқурлар пайдо бўлган.
– Дўстлик кўчасининг асфальт бўлганига кўп бўлгани йўқ. Аммо бир қишдан чиқмасдан дабдала бўлди, – дейди шу ерда яшовчи Иброҳим Усмонов. – Асфальтлаш шу даражада сифатсиз бажарилганки, уни бемалол кўчириб ташлаш мумкин. Кўриб турибсиз, асфальт бир-бирига ёпишмаганидан кўчиб кетган. Ана, нариги кўчалар бундан 5-6 йил аввал асфальт бўлган. Ҳалиям ҳолати яхши турибди. Чунки ишлар сифатли бажарилган. Лекин уч ой аввал асфальт ётқизилган йўлнинг ҳолатини қаранг…
Мухбирлигимдан хабар топган томошаликлар Мевазор кўчасини ҳам бориб кўришимизни сўрашди. Аҳолининг куйинганича бор экан. Бу ердаги йўлнинг сифати Дўстлик кўчасиникидан қолишмас экан. Йўлнинг кўп жойлари кўчиб, катта-катта ёриқлар пайдо бўла бошлаган. Бу манзаралар эса ишларнинг қўл учида, сифатсиз бажарилганидан сўзлаб турибди.
Бизга маълум бўлишича, Мевазор, Дўстлик, Шифокор кўчаларини асфальтлашни тендерда ғолиб бўлган «Улуғбек қурувчи 1982» фирмаси амалга оширган экан. Фирма раҳбари билан телефон орқали боғланиб, суҳбатлашганимизда, йўлнинг сифатсиз ётқизилганига ҳавонинг совуқ бўлганини баҳона қилиб, кунлар исиши билан май ойида қайтадан асфальтлаб берилишини айтди.
Агар фирма раҳбарининг гаплари рост бўлса, май ойида Дўстлик кўчаси қайтадан асфальт бўлади. Биз эса шу ойда бу мавзуга яна қайтамиз.
Томошаликлар эса кўчалари равон бўлишини яна озгина кутишларига тўғри келади. Ахир улар кўчалари равон бўлишини жуда кўп вақт кутишган.
Жамшид ЭРГАШЕВ
«ISHONCH»



