Ўқитувчига рағбат бўлмаса таълим сифати ошадими?

1110

Айрим пайтларда ҳозирги замон болалари билимсиз бўлиб қолаётганида, таълим-тарбия сифати сустлигида мактабдаги ўқитувчини осонгина айбдорга чиқариб қўямиз. Аслида минбарларда такрор ва такрор такидланаётган муаллим обрўсини юксалтириш учун унинг қадр-қимматини жойига қўйиш ҳақидаги сўзлар амалда ўз аксини топаяптими? Тинимсиз заҳмат ва кўз нури ила ўқувчиларга қалб-қўрини очган фидойи таълим ходимлари ҳамма вақт ҳам ўз меҳнатига яраша рағбатга лойиқ кўрилаяптими? Ёхуд ёш қизиқчилар жамоаси кулгига олганидек “унга мошина, бунга уй, ўқитувчига фахрий ёрлиқ” бериладими?

ҚОНУНЧИЛИКДА ЎҚИТУВЧИЛАР УЧУН МАЪЛУМ БЎЛГАН ИМТИЁЗЛАР:

Бундан икки йил муқаддам юртбошимизнинг Бухорога ташрифи чоғида жойларда талим сифатини оширишга эътибор қаратиш ҳамда локомотив мактабларни кўпайтириш ҳақида сўз борганди. Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг бухоролик бир гуруҳ мутасаддилар ва халқ таълими ходимлари билан учрашуви чоғида Бухородаги машҳур Қоракўл халқаро математика мактабининг филиалларини бошқа ҳудудларда ҳам очиш таклифи илгари сурилганди. Энг асосийси, ўз уй-жойи ва она қишлоғидан воз кечиб яшаш жойини ўзгартириб ишлайдиган ўқитувчиларни қўллаб-қувватлаш ҳақида вазифалар белгиланган. Шундан сўнг кўпгина ўқитувчилар қатори бухоролик ўқитувчи Шоҳруҳ Каримов ҳам Оҳангарондаги янги ташкил этилган мактабда фаолият юритиш учун манзилини ўзгартирди. Унинг мақсади ўз билимини мамлакатимиздаги ёшларга улашиш орқали Ватанимиз шаънини жаҳон илм-фан саҳналарида юксакка кўтариш бўлди. Унга физика-математика ҳамда кимё фанлари бўйича ўқувчиларнинг билим-савияси ошириш вазифаси юкланди.

Ютуқлар бисёр, аммо…

Педагог Каримов иш бошлаши биланоқ ўқувчиларни аниқ фанларга қизиқтиришга эришди ва қатор ютуқларни қўлга киритди. Жумладан, 2022-йилдаги энг катта ютуғи унинг синф раҳбарлигидаги ўқувчиларнинг 99 фоизи олий таълимга қамраб олинди. Яъни 19 нафардан 18 нафари олий таълим муассасаларига қабул қилинди, улардан 4 нафари IELTS сертификатини қўлга киритишди, 4 нафари эса халқаро университетларга ўқишга кирди. Шоҳруҳ Каримовнинг Оҳангарон-Қоракўл мактабида кимё ва биология фанларидан ўқувчилари катта ютуқларга эришди. Ўтган йилнинг декабр ойида ўтказилган ал-Харозмий халқаро олимпиадасида биология фанидан 7-синф ўқувчиси Аббосов Сардор 1-ўринни, 8-синф ўқувчиcи Рустамова Муштарий 2-ўринни, 8-синф ўқувчиси Сангинов Абдураҳмон 3-ўринни, кимё фанидан 7-синф ўқувчиси Сулаймонова Оминахон 3-ўринларни эгаллашди. 2022 йил фан олимпиадасида 10-синф ўқувчилари Ҳошимқулов Достон, Эргашова Садоқат кимё фанидан Оҳангарон шаҳар олимпиадасида ғолиб бўлиб, вилоят босқичида ҳам фахрли ўринларни қўлга киритди.

Ушбу муваффақиятлар ҳақида яна узоқ гапириш мумкин. Боиси ўқитувчи Шоҳруҳ Каримов саҳар соат 5:00 да мактабга келиб, кечки 23:00 гача қолиб ишлаган пайтлари бўлди. Биз унинг неча соат мактабда бўлганини эмас, чеккан заҳмати ҳақида таъкидламоқчимиз. Сир эмас, Оҳангарон тумани таълим рейтинги бўйича энг охирги ўринлардан жой олиб келган. Мана шу икки йил мобайнида Оҳангарон-Қоракўл мактаби ўқувчилари нафақат туманни, балки вилоятни ҳам мамлакат миқёсида танитиб улгурмоқда. Барчаси ўқитувчининг салоҳият ва тажриба билан боладаги иқтидорни юзага чиқариб бераётганида дейиш мумкин, албатта. Шунга қарамай, ўқитувчи меҳнати рағбат топмаса, уни туман ёки вилоят халқ таълими мутасаддилари тингламаса начора?!

“Ўқувчим йиғлагач, шаҳардан яна қайтдим”

—  Аслида билимсиз ўқувчи бўлмайди. Ўқувчиларим халқаро олимпиадаларга ҳам чиқиб улгурди. Мен улар билан ишлаб бирма-бир ғолиблик сари кетаётганим ҳамда шогирдларимнинг олий ўқув юртларига ўз илми билан ўқишга кираётганини кўриб қувонаман. Мана шунинг ўзи рағбатдир, бироқ… Катта ваъдалар берилганига қарамай, маҳаллийчилик муносабатларига дуч келганим кўнглимни чўктиради. Қоракўл халқаро мактаби Навоий вилоятида ҳам очилганди ва ишга таклиф қилишганди. У ерда педагоглар учун уй-жой ва бошқа яшаш шароитларида имтиёзлар мавжуд. Оҳангарондаям бу борада амалий ёрдам бўлиши айтилганди, лекин бажарилмади. Яшаш жойни ҳам ўзимиз топиб, кейинчалик машинамни сотиб уйли бўлдик. Яна бир масалада халқ таълими масъулларидан ёрдам сўрадим, лекин ҳеч ким ёрдам бермади. Яъни университетни “қизил” диплом билан тамомлаган аёлим ҳам ўқитувчи бўлиб ишлаган. Унинг ўз соҳасида билими ва интилиши яхши бўлишига қарамай, ишга жойлаш муаммо бўлди. Ва у ўзини банд қилиш мақсадида иккинчи мутахассислик бўйича ўқишга кирди.

Педагог икки йил давомида ўз ҳаловатидан кечгани эвазига барча халқ таълими ходимлари қатори 1 октябр санасида 460 минг сўм олганини айтди. Очиғини айтиш керак, меҳнати эвазига ҳақ ёки рағбат олмаган ўқитувчи фақат Каримов эмас. Бу ердаги бошқа фан ўқитувчилари, энг асосийси, инглиз тили фани ўқитувчиси ҳам мана шундай муҳит сабаб шаҳарга кетиб ишламоқда. Афсусланарлиси, инглиз тили фанидан олимпиадаларга чиқаётган ўқувчилар сони кескин камайди. Мактабнинг ўзи кўримсиз беш қаватли бинода жойлашган ва унда гигиена-санитар талабларга жавоб берадиган шарт-шароитнинг ўзи йўқ.

Демак, бу масканда биргина ўқитувчи эмас, ўқувчи ҳам қадрланмаётган кўринади. Шу алфозда таълим сифати ошадими, деган ҳақли савол қийнайди кишини. Ш.Каримовнинг айтишича, бу саволлар билан  Тошкент вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Азамат Камоловга ҳам неча марталаб мурожат қилганига қарамай вақт ажратилмаган. Бундай эътиборсизликдан қочиб шаҳарга ишлагани кетган муаллим ўқувчисининг йиғлаган кўзларига қараб яна мактабга қайтди. “Шуларни кўзим қиймайди, меҳнатим сингган ўғил-қизлар мактабни битириб, олий ўқув юртларига кириб олса, бу ерлардан кетиш ниятим бор” – дейди педагог. Бунга сабалардан яна бири мактабда ўқитувчига турли босимлар мавжуд: ўқувчиларга дарсдан кейин қўшимча тўгарак ўтма, бу фандан тайёрлама…

“2023 йилда Фармацевтика университети томонидан ўтказилаётган “Ёш кимёгарлар” олимпиадасида иштирок этмоқчимиз. Агар бизга шарт-шароит ва имкониятлар яратиб берилса, халқаро олимпиадалар, жумладан, Менделеев олимпиадасига ҳам ўқувчиларимизни бемалол олиб чиқа оламиз”.  Ўқитувчининг бундай шижоатини янада кўтариш, уни қўллаб-қувватлаш лозим. Зеро, авваллари ўқитувчиларга сув, газ, электр, мол-мулк солиғи каби коммунал тўловларнинг 50 фоизи ҳамда йўл ҳақи учун ойлик чипта имтиёз сифатида берилганини кўп эшитамиз. Мотивация берувчи имтиёзлар педагогларни руҳлантиради, уларга ҳаваси уйғонган ёшлар ҳам илмли муаллим бўлишни орзу қилишади. Улар учун бепул тушлик ёки имтиёзли кредит эвазига мол-мулк ажратилса, фарзандлари учун имкониятлар белгиланса мақсадга мувофиқ бўларди.

 Шоира БОЙМУРОДОВА,
журналист