Матонатли аёл

107

У фарзандлари бахти учун курашиб, тўққиз йил оиласидан узоқда яшади

Биз аёлларнинг сабот-матонати ҳамда жасорати ҳақида кўплаб фильмлар ва кўрсатувлар томоша қилганмиз, эшиттиришлар тинглаганмиз, китоблар ва мақолалар ўқиганмиз. Уларнинг дардига ва қувончига шерик бўлганмиз. Аммо бундай инсонлар ўзимизнинг орамизда ҳам борлигини кўпинча сезмаймиз, бири шифокор, иккинчиси ҳарбий, бошқаси ўқитувчи эканлигини билмаймиз.

Мақоламиз қаҳрамони Гулхумор Хидирова эса талаба. Янаям аниқроғи, «Туғилдингми, бу дунёда толибсан» деган гап­­га амал қилиб келаётган, табиатан оқкўнгиллилиги ва серғайратлиги, ташаббус­корлиги ва фидойилиги билан кўпчиликка ўрнак бўладиган аёл. У ҳаёти давомида кўп машаққатлар ва муаммоларга дуч келди, лекин метин иродаси билан барчасини дадил енгиб ўтди. Бу ҳақда бизга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Асли самарқандликман. Оддий хизматчилар оиласида туғилганман. Отам газ таъминоти корхонасида ишлар, онам мактабда фаррошлик қиларди. Мен ўқувчилик кезларим аъло баҳоларга ўқирдим. Бундан ташқари, шеърлар ёзиб, она тили ва адабиёт фанидан сабоқ берувчи устозимнинг маслаҳатига кўра, уларни алоҳида дафтарга жамлаб борардим.
Хуллас, барча тенгқурларим қатори менинг ҳам орзуларим кўп эди. Аммо мактабни муваффақиятли битирсам-да, оилавий шароитимиз оғирлиги туфайли таълим олишни давом эттира олмадим. Кўп ўтмай турмушга чиқдим. Афсус, оилавий ҳаётда омадим юришмади. Чунки турмуш ўртоғим кўп ичар, болалар тарбиясига мутлақо эътибор бермасди. У тўғри йўлга кириши, хонадонимизда тинчлик-хотиржамлик барқарор бўлиши учун қанча ҳаракат қилмай, бари зое кетди. Устига-устак, иккинчи фарзандим ногирон бўлиб туғилди. Бора-бора рўзғордаги моддий етишмовчилик­лар ҳаммамизни қийнаб қўйди. Охир-оқибат пул топиш ниятида болаларимни ота-онамга қолдириб, чет элга ишлаш учун кетишга мажбур бўлдим.
Йўлга чиқишимдан олдин дадам «Туркияда узоқ яшай олмайсан, тез орада қайтиб келасан», деган эди. Аммо мен хорижда қизларимсиз ва ота-­онамсиз 9 йил яшадим. Чунки бу мамлакатга болаларим яхши еб-ичишини ва ўсиб-улғайишини таъминлаш учун кетгандим. Бундан ташқари, иккинчи қизимнинг тилида нуқсон бор эди. У даволаниши ва гапириб кетиши учун чет элда дуч келган юмушни бажардим, жами 17 та хонадонда ишладим. Шу асно кимнингдир онасига, бошқасининг отасига қарадим, кези келганда, итларни боқдим, кези келганда, кекса беморлар таглигини алмаштирдим. Меҳнатларим эвазига раҳмат эшитган, яхшигина ҳақ олган, шунингдек, айрим онахонлардан калтак еган пайтларим ҳам бўлди.
Бундан қатъи назар, ҳеч қачон бировларга ялиниб-ёлвормадим, «Қийналяпман, ёрдам беринг!» демадим. Аксинча, юртимдан узоқда яшаб, кўп нарсаларни, жумладан, баъзи бировлар мусофир бўлмагунча Ватан ва ота-она қадри нелигини яхши билмаслигини яхши англаб етдим. Энг муҳими, фарзандим соғайиб, бемалол гапирадиган бўлди. Шу боис кўнглим хотиржам тортиб, уйга қайтишга ошиқдим.
Ўшанда баҳорнинг дастлабки кунлари эди. Истанбулда қалин қор ёғди. Менинг хаёлимда «Ишқилиб, бугун Ватанимга кета оламанми?», деган савол ғужғон ўйнарди. Ниҳоят, бир соат кечикиб бўлса-да, самолёт ҳавога кўтарилди. Кўп ўтмай, Ўзбекис­тон пойтахтига келиб қўндик. Мен бундан қанчалар қувонганимни сўз билан ифодалай олмайман. Ахир, тўққиз йил Ватанимдан ва оиламдан узоқда яшадим. Ўтган вақт оралиғида фарзандларим ва оила аъзоларимни, қариндош-уруғларим ва дўстларимни қанчалар соғиндим, уларнинг дийдорини қўмсаб, неча бор зор-зор йиғладим, гоҳ қувонсам, гоҳ ҳазин ўйларга толдим. Шу боис самолётдан тушаётиб, беихтиёр «Мен келдим, мен яна қадрдон юртимдаман!» дедиму ўзимни босолмай ҳўнг-ҳўнг йиғлаб юбордим.
Аэропортдан чиққаним ҳамоноқ бўйи бўйимга тенг бир қиз югуриб олдимга келди-да, «Ойижон, эсон-омон қайтдингизми?» деб мени қучоқлаб олди. Кейин иккинчиси ҳам бағримга отилди… Не бахтки, улар менинг тўққиз йил кўрмаган, анча улғайган қизларим эди. Энди мен дилбандларим ёнида эдим…
Кейин аста-секин ўзимни ўнг­лаб олдим. Яхши одамлар шарофати билан Аёллар мономарказида ўқидим, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказига ишга кирдим. Доимо ўзимни ўзим руҳлантириб меҳнат қилдим. Жуда кўп яхши натижаларга эришдим.
Бир куни ишхонамдаги ҳамкасбим илкис савол бериб қолди: «Опа, талаба бўлишни хоҳлайсизми?». Менинг эзгу орзуларимдан бири аслида шу эди, дарҳол «Ҳа!» дедим. Бу жавобни эшитган ҳамкасбим, «Унда, келинг, иккаламиз бирга ҳужжат топшириб кўрамиз», деди. Қарабсизки, шеър ва ҳикоялар ёзишга мойиллигим, болаликдаги орзуларим мени журналистика олий ўқув юрти сари чорлади. Ҳужжат топширдим. Имтиҳонлардан яхши ўтдим ва талабага айландим. Алқисса, яна бир орзуим ушалди. Ҳозир «Бешикдан то қабргача илм изла», деган ҳикматга амал қилиб ­ўқияпман.
Энди-энди билсам, ҳаётнинг ўзи сабоқлардан ва синовлардан иборат энг катта мактаб экан. Мен ўтмишимдан тегиш­ли хулосалар чиқариб олдим. Энг аввало, чет элга кетмоқчи бўлганларни бу аҳдидан қайтаришни истайман. Уларга «Ўзга юртларда қийналиб топган пулингизни ўзимизда ҳам топсангиз бўлади. Ҳатто ундан-да кўпроқ топишингиз мумкин. Шундай экан, кетманг, менга ўхшаб сизга ҳам фарзандларингиз болалигини кўриш армон бўлиб қолмасин!», дейман…

Тиниб-тинчимас Гулхумор Хидированинг келгуси орзу-мақсадлари ҳам бисёр. У, аввало, ўз устида ишлаб, етук кадрлар сафидан ўрин олмоқчи. Иккинчидан, турли корхоналар очиб, аёлларимизни иш билан таъминлашга, уларнинг тирикчилик кўйида чет элларга кетишлари олдини олишга баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқчи. Биз бу йўлда унга омадлар тилаймиз.

Гавҳар ЭШОНҚУЛОВА,
ЎзЖОКУ талабаси