Бугун, 18 март куни Президент Шавкат Мирзиёев “Янги Тошкент” лойиҳаси қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этмоқда.
Давлат раҳбари ушбу маросимда нутқ сўзлаб, бугунги кунда Тошкентда яшаётган ва ишлаётган аҳоли сони қарийб 5 миллионни ташкил қилаётгани, бу кўрсаткич яқин йилларда яна кўпайиши кутилаётганини таъкидлаб ўтди.
Қайд этилишича, бугунги куннинг ўзида шаҳарда йилига 20 мингдан зиёд квартирали кўп қаватли уйлар, 40 дан ортиқ мактаб, боғча, поликлиника қуришга талаб бор.
“Шунинг учун пойтахтимизнинг барқарор ривожланишини ўйлаб, камида 15-20 йил олдин режаларимизни аниқ белгилаб олишимиз зарур”, – деди Президент.
Шуларни инобатга олиб, Буюк Британия, Сингапур, Хитой ва Туркиялик мутахассислар билан Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача бўлган Бош режаси лойиҳаси ишлаб чиқилган.
Жумладан, Тошкент вилоятининг чегарадош туманлари ҳисобидан пойтахт ҳудудини босқичма-босқич кенгайтириб, Чирчиқ ва Қорасув дарёлари оралиғида «Янги Тошкент» лойиҳасини амалга ошириш мақсад қилиб олинган.
Маълумот учун, давлат раҳбари бугун Тошкент вилоятида қуёш энергетикаси лойиҳаларига старт бериш маросимида ҳам иштирок этади.



