Тадбиркорнинг яқин ҳамкори

81

Ҳозирда «Қишлоқ қурилиш банк»нинг юртимиз бўйлаб 60 та хизмат маркази, 385 та шохобчаси фаолият кўрсатмоқда. Батартиб тизимли иш услуби, сифатли хизматлари эвазига банкнинг юридик ва жисмоний шахслардан иборат мижозлари сони тобора ортиб бормоқда.

Яқинда ана шу фаолият билан журналистларни яқиндан таништириш мақсадида Бухоро вилоятида пресс-тур ташкил этилди.
Бугунги кунда вилоятда «Қишлоқ қурилиш банк» 113 628 нафар жисмоний ҳамда 6785 та юридик шахсга хизмат кўрсатмоқда.
Молия муассасасининг янги ишлаб чиқариш корхоналар сонини кўпайтириш орқали аҳолини иш билан таъминлаш, инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш борасидаги фаолияти, айниқса, диққатга сазовор.
Банк мадади билан фаолиятини ривожлантираётган корхоналардан бири Бухоро шаҳридаги «Inginering gazavto servise» МЧЖдир. Корхона автомашиналарга техник хизмат кўрсатиш маркази ва болалар учун кўнгилочар аттракционлар мажмуаси эга. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 5 млн. 715 минг АҚШ долларини ташкил этиб, шундан 4 млн. АҚШ доллари банк кредити саналади. Мазкур маблағлар ҳисобидан 12 та янги иш ўрни яратилган.
Когон шаҳридаги «Акбаржон Баракат» МЧЖ ҳам молия муассасасига кўмагида фаолиятини ривожлантириб бормоқда. 3 млн. 600 минг АҚШ долларли лойиҳа асосида қад кўтарган корхонада дон маҳсулотлари қайта ишланади. 21 та янги иш ўрни яратилган.
Когон туманида ўтган йилнинг 1 декабрида ишга тушган «Inginering gazavto servisе» МЧЖга қарашли нефтни қайта ишлайдиган корхонаси Италия, Туркия, Хитой ва Россиянинг энг сўнгги замонавий ускуналари билан жиҳозланган. Мазкур қувват ишга туширилиши туфайли 50 та янги иш ўрни яратилган. Бу жараёнда ҳам молия муассасасининг алоҳида ўрни бор. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 10 млн. 900 минг АҚШ долларини ташкил этгани ҳолда шундан 8 млн. АҚШ доллари банк кредити ҳисобланади.
Когон туманидаги «Қоровулбозор агро парранда» МЧЖ кўп йиллардан буён паррандачилик соҳасида фао­лият юритади. Корхона тўлиқ қувватда йилига 10 минг тонна парранда озуқаси, 564 тонна бройлер гўшти ва 12,8 млн. дона тухум етиштиришга мўлжалланган. Унинг ривожида ҳам банкнинг молиявий кўмаги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Банк мижози бўлган «Oltinirmoq» хусусий корхонаси Бухоро шаҳрида болажонларнинг мароқли дам олиш­лари учун турли ҳаракатли ўйинлар, аттракционлар, миникинотеатрдан иборат икки қаватли болалар ўйингоҳини ишга туширган. Бунга ҳам банк кредитлари йўналтирилган.
Бухородаги йирик корхоналардан бири «Шохруд» заводи йилига 75 млрд. 550 млн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Корхонанинг янги фаолиятига банк кредити ҳисобидан 1 млн. 100 минг АҚШ доллари ажратилди. Корхона маҳсулотларининг асосий қисми хорижга экспорт қилинаётгани билан аҳамиятлидир.
Сафар давомида оммавий ахборот воситалари вакиллари банк тузилмалари, хусусан, Когон банк хизматлари офиси фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Умуман олганда, ОАВ вакиллари Бухоро вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда «Қишлоқ қурилиш банк»нинг салмоқли ҳиссаси борлигининг гувоҳи бўлишди.

Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
«ISHONCH»