Бухорода ўзларига таниш бўлган қизнинг беҳаё суратларини тарқатиш билан таҳдид қилиб ундан пул маблағларини ундириб келган икки ўспирин қўлга олинди.
Вилоят ИИБнинг аниқлик киритишича, Бухоро шаҳрида яшовчи Х.А. ва А.И. лар ўзаро жиноий тил бириктириб, вилоятнинг Жондор туманида яшовчи қизнинг беҳаё видеоларини тарқатиш ва шарманда қилиш билан қўрқитиб ундан пул талаб қилишган.
Улар жорий йил 6 феврал кунидан бошлаб бир неча маротаба ундан пул талаб қилиб олиб келган ва охирги марта талаб қилинган 15 млн сўмдан 9,9 млн сўмни олган. Аммо шу билан ҳам кифояланмасдан яна 4,1 млн сўм миқдоридаги пулларни беришга мажбур қилиш даражасига келтириб қўйган.
Қизнинг Бухоро вилояти ИИБга қилган мурожаати асосида ўтказилган тезкор тадбир давомида ушбу икки шахс Бухоро шаҳар Педагогика институти олдида талаб қилинган пулларни олган вақтида ашёвий далил билан қўлга олинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
