Янги қурилган иншоотлардан хавотирлар ўринлими?

99

Мутахассислар гапига қараганда, бинонинг пойдевори қуриб қотиши учун 1,5-2 ой вақт керак. Қолаверса, девори битгандан кейин ҳам маълум муддат туриши лозим. Бизда-чи?.. Бизда қисқа фурсатда шоша-пиша тикланган бутун бош­­ли бинолар фойдаланишга топшириляпти. Ҳатто, бу йилги қишнинг қаҳратон кунларида ҳам қурилишлар бирор кун тўхтамади, биноларнинг пойдевори, девори ва шипларига бетонлар қуйилди. Ҳолбуки, бизнинг ҳудудимиз сейсмик фаол зоналар сирасига киради.

Танганинг иккинчи томонига ҳам қарайдиган бўлсак, қўл учида барпо этилаётган иншоотларни ҳақиқий қурувчи-муҳандис ва меъморлар қураётганига ишониш қийин.
Ижтимоий тармоқдаги ogoh.uz сайти хабар беришича, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги таркибидаги Қурилиш соҳасида ахборот-коммуникация технология­ларини ривожлантириш маркази томонидан соҳавий қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтинги ўлчовлари тузилган. Ишончлилик даражасига кўра, рейтинг «А дан Д» гача тўрт тоифага, шунинг­дек, ҳар бир тоифа ҳам ўз навбатида уч даражага бўлинган. Рўйхатга жами 17 минг 647 та қурилиш корхонаси киритилган. Рейтинг­­га мувофиқ, энг ишончли компания сифатида фақат биттаси «А» тоифанинг 3-даражасидан ўрин олган. Бироқ энг юқори – 1- ва 2-даражаларга ҳеч қайси компания лойиқ кўрилмаган. «Б» тоифадан 259 та, «С» тоифадан 2 минг 719 та, энг қуйи – «Д» тоифадан эса 14 минг 668 та компания ўрин олган.
Ушбу вазирлик Ахборот хизматининг маълум қилишича, ўтган йили республикa бўйича 6 минг 102 та ноқонуний ва талабга жавоб бермайдиган кўп қаватли бино-иншоот қурилган. Қурилиш-монтаж ишлари тугалланган иморатлардан фойдаланишга рухсат бериш бўйича 16 минг 576 та мурожаат келиб тушган. Шундан 11 минг 162 таси объектда бажарилган ишлар белгиланган нормаларга тўғри келмаслиги боис рад этилган.
– Қурилиш пайити иш сифати қанча паст бўлса, зилзила чоғи шикастланиш даражаси шунча юқори бўлади, – дейди бинокор Жаҳонгир Маҳкамов. – Бино-иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги фақат ­лойиҳалаш вазифалари тўғри олиб борилганига эмас, балки қурилиш-монтаж ишларининг сифатига ҳам боғлиқ. Лойиҳа аъло даражада бўлса-ю, қурилиш сифатсиз олиб борилса ёки технологик жараёнлар изчиллиги бузилса, бу бинонинг сейсмик мустаҳкамлиги ­пасайишига сабаб бўлади.
Қолаверса, ушбу соҳа коррупциялашган. Буни расмий манбалар ҳам тасдиқламоқда. Лойиҳалашдан то бино битгунича давом этадиган «узат-узат»лар сметада кўрсатилган маблағ ҳисобидан амалга оширилади. Оқибатда қурувчи иншоотни топширар-топширмас, у нураб тушаётганига кўпчилигимиз гувоҳи бўлиб турибмиз.
Масалага шу нуқтаи назардан ёндашганда, Ўзбекистон Республикаси аҳолиси ва ҳудудининг 2025 йилгача сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини такомиллаштириш концепцияси ва уни 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқлангани, Президентимизнинг «Ўзбекис­тон Республикасининг сейсмик хавфсизлик тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилингани кўнгилга таскин берадиган иш бўлди. Қарорда таъкидланишича, сейсмик қаршиликни инвентаризация қилишга Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги масъулдир. 2023 йилдан бошлаб республиканинг сейсмик фаол зоналарида қуриладиган баландлиги 9 ва ундан ортиқ қаватли бинолар вибродинамик мосламалар ёки замонавий рақамлаштирилган асбоб-ускуналар ёрдамида мунтазам равишда синов ва кўрикдан ўтказилиши шарт. Биноларни текшириш қурилиш ишлари учун жавобгар пудратчи органлар вазифасига киради.
Яқинда Қурилиш вa уй-жoй кoммунaл хўжaлиги вaзирлиги мaсъуллaри, қурилиш-лoйиҳa тaшкилoтлaри мутaхaссислaри ҳaмдa OAВ вaкиллaридaн ибoрaт тезкoр гуруҳ аъзолари уйларнинг бинокорлик қоидалари ва меъёрларига мослиги, бунёд этилаётган кўп қаватли иморатларда олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ҳамда муаммоларни жойида ўрганиш мақсадида Андижонда бўлдилар.
– Шу жараёнда 25 см. қaлинликдaги ғишт девoрдaн тўлдирувчи сифaтидa фoйдaлaнилгaни асосий кaмчилик деб топилгани маълум бўлди, – дей­ди «Қишлoққурилишлoйиҳa» лoйиҳa-қидирув институти бoш кoнструктoри Шерзoд Oдилoв. – Бундан ташқари, қурилиш жараё­нида сейсмик тaъсирлaр бўйичa лoйиҳaдa белгиланган тaлaблaр бaжaрилмaгaн. Фaсaд бўйи­­чa бинoнинг қaвaтлaри oрaлиғидaги тўлдирувчилaрдa ҳaр хил кучaйтирувчи тaдбирлaр қўллaнилгaн. Мaсaлaн, бинонинг биринчи қaвaтидaн бешинчи қaвaтигaчa бурчакли метaллар ишлaтилгaн бўлсa, кейинги қaвaтлaрнинг бaъзилaридa темир-бетoн ўзaклaрдaн фoйдaлaнилгaн. Гoризoнтaл ва вертикaл ҳолда ўрнaтилувчи элементлaр aмaлдa қўлланилмаган. Қолаверса, белгиланган лойиҳадан четга чиқишлар ва қурилиш маданиятига мутлақо эътибор берилмаган.
Бинобарин, барча қурилишларда сифатни назорат қилишни ҳар томонлама кучайтириш даркор. Чунки инсон тақдири билан ҳазиллашиб бўлмайди, унинг соғлиғи ва ҳаётини хавф остида қолдиришга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ!

Анваржон ҲАЛИМОВ
«ISHONCH»