Ўзбекистоннинг 39 та давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари тузилди.
Бу ҳақда бугун, 27 март куни Марказий сайлов комиссияси биносида бўлиб ўтган навбатдаги мажлисда маълум қилинди.
Қайд этилишича, жорий йил 25 март куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг тегишли хатига асосан Ўзбекистоннинг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкалари тузиш тўғрисидаги тақдимномаси Марказий сайлов комиссиясига келиб тушган.
Шунга асосан, ТИВ томонидан Ўзбекистоннинг 39 та давлатдаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида референдум участкаларини тузиш таклиф этилган.
Жумладан, АҚШ, БАА, Германия, Жанубий Корея, Саудия Арабистони ва Туркия каби давлатларда 2 тадан, Қозоғистон ва Хитойда 3 тадан ҳамда Россияда 7 тадан референдум участкаларини тузиш таклиф қилинган.
Марказий сайлов комиссияси Ўзбекистон ТИВнинг таклифини қўллаб-қувватлашни мақсадга мувофиқ деб топди ва тегишли қарор қабул қилди.
Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари ҳузурида тузилган референдум участкалари эса қонунчиликда назарда тутилганидек, 14-Тошкент шаҳар референдум округига бириктирилди.

