Фасллар алмашинуви кимлар учун хавфли?

107

Баҳор ва куз аллергияга мойил инсонлар учун хавфли фасллар ҳисобланади. Аллергия белгилари коронавирус аломатларига ўхшаш бўлгани учун ҳам жиддий эътибор ва тўғри ташхисни талаб қилади. «Ишонч» мухбири касалликка доир саволлар билан Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира РОЗИҚОВАга юзланди.

— Мавсумий аллергияни олдини олиш учун  қандай тавсияларга амал қилиш керак? 

— Фасллар ўзгариши аллергияси бор беморлар учун азоб. Ўсимлик чангига юқори сезгирлиги – сенсибилизацияси бор бемор бу вақтда, албатта, ўзини асраши керак. Уй чанги ёки бошқа маиший аллергенларга бўлган таъсирчанликда пар кўрпа-ёстиқлардан воз кечиш, уйни ҳар куни нам латтада артиб, тозалаш зарур. Шунингдек, уй ҳайвонлари, паррандалар, уй ўсимликлари, аквариум балиқларидан воз кечиши, бронхиал астмага чалинган бемор эса уйни тозалашда махсус ниқобдан фойдаланиши шарт.

Беморлар ўзи  билан аллергик касаллик паспорти, дори воситалари (адреналин, дексазон, тавегил ампулалари), бир марталик шприц ва игналарни олиб юришлари керак.

— Мутахассислар аллергиянинг қайси турини хавфли деб ҳисоблайди?

— Энг оғири — бронхиал астма. Бунда бронхларнинг торайиши кузатилади. Касалликнинг типик ва характерли белгиси — нафас бўғилиши хуружлари.

Беморнинг аҳволига қараб, дори-дармонларни организмга турли йўллар билан юбориш мумкин.

Даволашда даво гимнастикасига катта аҳамият берилади. Бу ҳамма ёшдаги беморлар учун даволаш комплексининг зарурий қисмидир.

— Аллергия туғма бўладими ёки ҳаёт давомида орттириладими?

— Аллергия наслдан наслга ўтади. Ўткир атир, тутунлар, дарахт ва гулларнинг чангидан аллергия бошланади.  Устачилик билан шуғулланадиган ёки бетон, зах жойда яшайдиганларда ҳам аллергик касалликлар кўп учрайди. Хасталик билан оғриган бемор вақтида даволанмаса, касаллик бронхиал астмага айланиши мумкин. Бурун битиши, кўз қичишиши симптомлари кузатилдими, дарҳол аллерголог ҳузурига бориши керак.
— Дорига аллергияси бор кишиларда аллергияни чақирадиган туғма мойиллик бўлмайдими?

— Йўқ, у ҳар бир соғлом инсонда кузатилиши мумкин. Ҳолатнинг олдини олиш учун шифокорлар антибиотикларни асоссиз қўлламаслиги керак. Бир вақтнинг ўзида алоҳида гуруҳларга кирувчи дори воситаларини тавсия этиш нотўғри. Кўпинча аллергик реакциялар дори моддаларини катта дозаларда узоқ йиллар қабул қилганда учрайди.

Баъзан реакция бирор дори илк қабул қилинганидаёқ содир бўлади. Дори аллергиясининг энг ёмон асоратларидан бири — анафилактик шок.

— Аллергияни даволашнинг самарали усуллари қандай?

— Аллергия икки хил усулда даволанади. Биринчиси, симптоматик даво — ўткир даврида қўлланилади.

Иккинчиси, аллергик ринити бор беморларда АСИ муолажаси ўтказилади. Муолажа фақат қиш фаслида амалга оширилади. Муолажадан кейин бемор кейинги мавсумда аллергия муаммосига дуч келмайди. Мазкур усул бронхиал астма каби оғир хасталикнинг олдини олади.

— Касаллик юқумли эмасми?

— Юқумли эмас. Авлоддан авлодга ўтувчи генлар борлиги исботланган. Ҳомиладорликда тезкор чоралар кўрилса, болага ўтмаслиги мумкин. Бу вақтда имкон қадар антибиотиклар ичмаслик ва аллерген хусусияти кучли озиқ-овқатлардан воз кечиш керак.
— Аллергияга чалинганларга қандай маҳсулотлар тақиқланади?

— Цитрус мевалар (апельсин, лимон, ананас); ёнғоқлар (ерёнғоқ, бодом, хандон писта, балиқ ва балиқ маҳсулотлари (янги ва тузланган, икра, консервалар); парранда гўшти (ўрдак, товуқ, ғоз маҳсулотлари); шоколад ва унинг турлари, қаҳва ва дудланган маҳсулотлар, сирка, қалампир, майонез  ва бошқа хушхўр маҳсулотлар, хрен, редиска, шолғом, томат, бақлажон, қўзиқорин, тухум, қайнатилмаган сут, қулупнай, қовун, шафтоли, тарвуз, малина, тут, замбуруғ маҳсулотлари, асал, дуккакли маҳсулотлар (мош, ловия ва нўхат); алкоголли ҳамда рангли ичимликлар қатъиян тақиқланади.

От гўшти  ва ундан тайёрланган маҳсулотлар ҳам мумкин эмас. Қизил рангли маҳсулотлар, қизил лавлаги, қизил олча, гилос ва ҳоказолар.

— Аллергия асосан ҳомиладор аёл ва болаларда учрашининг сабаби нимада?

— Чунки аксар болалар она сути билан озиқлантирилмайди. Аҳоли эса консервантларни кўп истеъмол қилмоқда.

Ҳомиладорликда шоколад, тузлама каби зарарли маҳсулотларни керагидан ортиқ истеъмол қилиш, витамин ва антибиотикларнинг асоссиз тайинланиши ҳам аллергияга сабаб бўлади.

Феруза РАҲИМОВА суҳбатлашди.