Сўнгги пайтларда тобора яшариб бораётган, ҳатто 40 ёшлиларда ҳам кузатилаётган қон босими кўтарилиши билан боғлиқ касаллик халқ тилида хафақон, тиббиётда артериал гипертония деб аталади. У асабийлашиш, нотўғри овқатланиш, кам ҳаракатлилик каби сабаблар туфайли келиб чиқади. Тинч ҳолатда артериал қон босимининг 140/90 мм. симоб устунидан ошиши унинг асосий белгиси саналади. Бу хасталик оқибатида юрак-қон томирлар, бош мия, буйрак ва кўз ҳам шикастланиши эҳтимолдан холи эмас.
Артериал гипертониянинг илк даврида парҳезга жиддий эътибор қаратиш, шифокорлар маслаҳатига риоя қилиш орқали унинг олдини олиш мумкин. Бу АҚШнинг кўплаб тиббиёт марказларида ўтказилган тадқиқотлар жараёнида исботланган. «Гипертонияни даволовчи парҳез» («DASH») касалликнинг нафақат биринчи, балки иккинчи ва учинчи босқичларида ҳам фойда берган.
Россиялик профессор Анатолий Скальнийнинг таъкидлашича, парҳезда туз миқдорини камайтиришнинг ўзи етарли эмас. Унинг муҳим жиҳати натрийнинг зидди саналган магний ва калийга тўйинган маҳсулотлардир. Масалан, магний қон томирларини бўшаштириш, асабни тинчлантириш, стресс ҳолатини сусайтириш ва қон босимини тушириш хусусиятларига эга. Шунингдек, у танадаги 300 та ферментга таъсир кўрсатиб, диабет ва буйрак тоши касалликлари олдини олади.
Инсон вужудида моддалар алмашинуви, ҳужайралар кўпайиши ва нобуд бўлиши билан боғлиқ кимёвий жараёнлар рўй беради. Жумладан, магний ва калийнинг биргаликдаги иштироки сабабли организмдан ортиқча натрий чиқиб кетади. Шунингдек, уларнинг етарли миқдорда бўлиши юрак-қон томир касалликларидан вафот этувчилар сонини камайтиради. Бу моддалар мева-сабзавотларда, ловия, мош, нўхат каби донларда, ёнғоқ ва пистада кўп бўлади. Магний ёғсиз гўшт, парранда гўшти, балиқ ва денгиз маҳсулотларида ва буғдой кепагида ҳам сероб.
Гипертоник касалликка йўлиққанлар ўзларини ширинликлар ва зарарли ёғлардан тайёрланган маҳсулотлар истеъмол қилишдан тийишлари керак. Масалан, товуқ гўшти тановул қилганда, унинг энг ёғли ҳисобланган терисини ажратиш лозим. Ёғлар бу парранданинг қаноти ва оёғидан кўра, кўкрак қисмида кам тўпланади. Курка гўшти эса товуқникига нисбатан анча фойдалироқдир.
Дон ёрмаларида калий ва магнийдан ташқари клетчаткалар, В гуруҳига мансуб витаминлар, макро ва микро элементлар мавжуд. Парҳезда ҳар хил ёрмалардан қайнатиб пиширилган бўтқаларни истеъмол қилиш тавсия этилади.
Охирги йиллардаги илмий изланишлар натижасида лавлаги ва унинг шарбати, шунингдек, какао қон томирларини кенгайтириши аниқланди. Чунончи, какао таркибидаги флаваполлар 12 соат давомида қон босими кўтарилишига йўл қўймайди. Шунга кўра, гипертонияда кунига икки финжон какао ичиш айни муддаодир.
Тадқиқотлардан аён бўлишича, таркибида 85-99 фоиз какао бор аччиқ шоколад ҳам фойдалидир. Қайнатилган картошка эса калий ва какаоминга бойлиги боис қон босимини бир маромда ушлаб туради. Агар у қайнатилгандан сўнг бир кун сақланса, таркибидаги семиришга олиб келувчи углеводлар камаяди.
– Албатта, касалликни даволашдан кўра, олдини олган маъқул, – дейди кардиолог врач Омонулла Жўраев. – Бунинг учун артериал гипертониянинг илк аломатлари сезилиши биланоқ шифокорга учрашиб, хасталик омилларини биргаликда бартараф этиш, зарур дориларни мунтазам ичиб юриш, парҳезга риоя қилиш керак. Лўндасини айтганда, бу хасталикни тузатиш эмас, доимо назорат қилиб бориш, асоратлари олдини олиш лозим.
Баъзи одамлар «Қон босимим юқори бўлса ҳам, ўзимни ёмон ҳис қилмайман, даволанишим шарт эмас», дейишади. Гипертониянинг бундай турида қон босими меъёридан юқори бўлса-да, кишига сезилмайди. Шу боис кўпчилик унга нисбатан эътиборсиз бўлади. Омонулла Жўраевнинг уқтиришича, бу ҳолат қон босимининг узоқ вақт мобайнида аста-секин ошиб бориб, сезувчи аъзоларнинг унга мослашиши билан изоҳланади. Ўзини соғлом ҳисоблайдиган ўша инсоннинг қон босими тинч ҳолатда 140/90 бўлса, стресс ёки юқори ҳаракатчанликда 180/100 дан ошади. Қолаверса, ҳеч ким кутилмаган стресслардан ҳимояланмаган, айрим ҳолларда қон босими ҳатто 220/110 га ҳам кўтарилади. Бундай босимга артерия дош беролмай ёрилади. Шу тариқа бош мия инсульти ёки миокард инфаркти ривожланади. Юқори қон босимини сезмайдиганлар кўпинча миокард инфарктини бошидан ўтказганини билишмайди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, соғлом турмуш тарзи, зарарли одатлардан холи бўлиш, тўғри овқатланиш, спорт билан шуғулланиш, стресслардан ўзини ҳимоялаш хафақон касаллигининг олдини олувчи муҳим чоралардир.
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА
тайёрлади
