ЕХҲТ ДИИҲБнинг референдумни кузатиш бўйича чекланган миссиясининг очилиш матбуот анжумани бўлиб ўтди

35

Тошкентда ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг референдумни кузатиш миссияси ўз ишини бошлади.

Чекланган миссия таркибига элчи Альберт Йонссон (Исландия) ва унинг ўринбосари Лусине Бадалян (Арманистон) раҳбарлик қилмоқда.

Миссия таркиби 10 нафар эксперт, шу жумладан, сиёсий, ҳуқуқий, медиа ҳамда сайлов соҳасидаги таҳлилчилар, узоқ муддатли кузатувчилар координатори, ДИИҲБ идораси ходимлари ва маслаҳатчиларидан иборат.

Бугун ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари идорасининг чекланган референдумини кузатиш бўйича миссиянинг очилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

– Миссиямиз Ўзбекистон ҳукуматининг расмий таклифига биноан етиб келди, – дейди Альберт Йонссон. – Бу идорамизнинг мамлакатингизда бўлган 10-мониторинг миссиясидир. Мана, икки кундирки, қатор учрашувлар ўтказмоқдамиз. Улардан мақсад аъзоларимиз билан таништириш, идоранинг мақсадларини тушунтириш бўлди. Шунингдек, ташрифимиз давомида давлат идоралари, ҳукуматдаги мутасаддилар, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамияти аъзолари билан учрашувларни режалаштирганмиз.

Маълумотга кўра, 3 апрелдан асосий гуруҳ экспертларидан ташқари миссия таркибига 14 нафар узоқ муддатли кузатувчилар ҳам қўшилади. Улар 14 та вилоятда референдумни яқиндан кузатиб боришади.

Қайд этилдики, кузатув миссияларининг ўз методологияси бор. ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича идораси 57 та давлатдаги 400 дан ортиқ сайловда қатнашиб келган. Кузатув давомида миссия аъзолари асосан референдумга тайёргарлик жараёнлари, шунингдек, сайловчиларни рўйхатга олиш, сайлов кампанияларини молиялаштириш масалалари, ОАВнинг жараёндаги иштироки, шунингдек, мамлакатдаги референдумга тегишли норматив-ҳуқуқий асосларни кўриб чиқишади. Шу билан бирга, референдум пайтида шикоятларни кўриб чиқиш, уларни ҳал қилиш тартибига ҳам эътибор қаратилади.

Овоз бериш кунидан сўнг Миссия референдумгача бўлган давр ва референдумдан кейинги фактларни кўрсатувчи дастлабки баёнотини тақдим этади. Якуний ҳисобот референдумдан сўнг тахминан икки ой ўтгач эълон қилинади. Унда референдумни ташкил этиш ва ўтказиш соҳасидаги амалиёт ва қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар тақдим этилади.

Тадбир сўнгида миссия аъзолари журналистларни қизиқтирган саволларга жавоб беришди.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
“Ishonch.uz”