Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси мамлакат Қуролли кучлари маблағлари ҳисобидан Термиз аэропорти учун 1 млн евро ажратилганини маълум қилди.
Қайд этилишича, мазкур маблағ аэропортнинг 12 километрдан ортиқ узунликдаги ташқи тўсиғи бўйлаб ва аэропорт ҳудудидаги тегишли операция марказида халқаро авиация стандартларига мувофиқ хавфсизлик ва кузатув технологиясини модернизация қилишга йўналтирилган. Хусусан, ёритиш ускуналари учун замонавий, тежамкор LED лампалари ўрнатилган.
Элчихонанинг билдиришича, Германия ҳарбий атташеси жорий ҳафтада аэропорт майдонида ўрнатиш ишлари якунланганини кўришга борган ва олиб борилаётган ишлар унда катта таассурот қолдирган.
“Бунга самарали ҳисса қўшганимиздан мамнунмиз”, – деб ёзади элчихона.
Элчихона маълумотига кўра, 2002-2015 йиллар оралиғида Германия Қуролли кучлари Афғонистондаги ISAF халқаро барқарорлаштириш миссияси доирасида Ўзбекистоннинг жанубий қисмидаги Термиз аэропортидан ҳаво транспорти учун стратегик марказ сифатида фойдаланган.
“Германия Қуролли кучлари олиб чиқилганидан кейин ҳам биз замонавий халқаро тижорат аэропортига айланиш йўлида ушбу аэропорт билан чамбарчас боғлиқмиз”, – дейди Германия томони.
Маълумот учун, Халқаро хавфсизлик кучлари (ISAF) НАТО бошчилигидаги халқаро ҳарбий контингент бўлиб, Афғонистон Ислом Республикаси ҳудудида 2001 йилдан 2014 йилгача фаолият юритган.
