Бу ҳақда Ўзбек Миллий Академик драма театрида намойиши кутилаётган янги спектаклдан билиб оламиз
Ўзбек Миллий Академик драма театрида айни кунларда “Адолат фасли”, “Келдию кетди”, “Ўжарлар”, “Кўнгил” каби томошабинлар меҳрини қозонган спектакллар намойиш этилмоқда. Билет нархлари – 50 мингдан 70 минг сўмгача.
Апрель ойида ҳам театр жамоаси юртдошларимиз учун ана шундай ёқимли совғалар тақдим этишда давом этади. Хусусан, Бертольд Брехт асари асосида тайёрланган “Шаддод она” спектакли премьераси кутилмоқда. Бош ролни Ўзбекистон халқ артисти Малика Иброҳимова ижро этган ушбу спектаклда Шаддод она ва унинг болалари тақдири мисолида урушнинг энг жирканч томони – инсониятга қарши қаратилган хусусияти очиб берилади.
“Шаддод она ва унинг болалари” пьесаси эпик театрнинг энг юксак чўққисидир. У Швецияда 1939 йили ёзилган (ўша йили немис-фашист қўшинлари Польшага ҳужум қилган). Муаллиф Брест бўсағасида турган уруш шарпаси ҳақида огоҳлантириб, қачонлардир бўлиб ўтган 30 йиллик уруш тўғрисида ҳикоя қилади. Шаддод онанинг уч фарзанди бор эди, учаласини ҳам уруш ўз комига тортди. Ачинарли томони шундаки, уларнинг ўлимида онанинг ўзи ҳам айбдор, чунки у урушдан келадиган олтинга, бойликка ҳирс қўйган эди. У ўз эҳтиёжларини бошқалар манфаатидан устун қўяди. Шу сабабли унинг фожиали тақдири ҳам кишида хайрихоҳлик уйғотмайди. У умрининг сўнги дақиқаларигача худбинлик ботқоғидан чиқа олмайди. Уруш онани фарзандларидан жудо этиб, улкан товон тўлашга мажбур қилади.
Театрга ташриф буюринг. Зеро, жонли ижродаги саҳна кўринишлари, турли асарлар намойиши сизга завқ бағишлайди, дунёқарашингизни кенгайтиради.



