Нукус воқеалари: Тажимуратов ўзига берилган жазодан норози. Журналист Каллихановага эса оғирроқ жазо хавф соляпти

50

2023 йилнинг 31 январида Бухорода бўлиб ўтган 22 кишининг суд ишида Нукус воқеаларида асосий айбдорларидан бири сифатида кўрилган ва 16 йил муддатга озодлкдан маҳрум қилинган Давлетмурат Тажимуратов биринчи инстанция судининг ҳукми устидан апелляция шикояти киритди.

Ўша судда суд залидан маълум шартлар остида озодликка чиқарилган журналист Лолагул Каллиханова ҳамда озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган яна 3 нафар шахс (А. Турданов, А. Сметуллаев ва А. Нуратдинов)га нисбатан ўқилган суд ҳукмига нисбатан эса прокурор протест келтирган.

Шунингдек, судланувчилар П. Шамшетов (марҳум), С. Калимов, С. Каипов, А. Темирханов, С. Медетов, Н. Султамуратов, А. Токымбетов, Р. Бекмуратов, Б. Сейтниязов, А. Адилбеков, П. Нурниязов, Н. Найыпов, Б. Кадирбергенов, Д. Джиемуратов, Қ. Сейтимов ва уларнинг ҳимоячилари томонидан ҳам биринчи инстанция суди ҳукми устидан апелляция шикояти киритилган.

Энди жиноят ишининг ушбу судланувчиларга оид қисми киритилган шикоятлар ва келтирилган протестга асосан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан апелляция тартибида кўриб чиқилади.

Олий суд, шунингдек, апелляция инстанцияси судининг жиноят ишини кўриб чиқиши санаси ва вақти ҳақида қўшимча маълум қилинишини айтган.