Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон сафари Кегейли туманидан бошланди

48

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи билан танишиш, халқ билан мулоқот қилиш мақсадида бугун, 30 март куни Қорақалпоғистон Республикасига келган эди.

Давлат раҳбари дастлаб Кегейли туманидаги “Ақтуба текстил” корхонасига ташриф буюрди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати берган маълумотга кўра, андижонлик тадбиркорларнинг ушбу тумандаги учта лойиҳаси амалга оширилгунга қадар, бу ҳудудда саноат бўлмаган.

3 миллион донадан зиёд трикотаж ишлаб чиқариш қувватига эга “Ақтуба текстил” ҳам шу жумладан. Корхонага Германия, Япония ва Туркиядан замонавий ускуналар келтириб ўрнатилган. 500 та иш ўрни яратилган. Йилига 6 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Давлат раҳбари корхонадаги иш жараёнини кўздан кечириб, ишчи аёллар билан суҳбатлашди. Чекка ҳудудларда бундай янги корхоналар очилаётгани, хотин-қизлар иш билан таъминланаётганининг аҳамиятини таъкидлаб, буни давом эттириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Қайд этилишича, яқин маҳаллалардаги ишсиз фуқаролар ҳунар ўрганиб, ўз йўлини топиши учун корхонанинг ўзида касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ўқув маркази ҳам ташкил этилган.