Кеча, 30 март куни Туркия парламенти Финляндиянинг НАТОга кириши ҳақидаги ҳужжатни ратификация қилиш учун овоз берди.
Туркия иттифоқдаги 30 давлат ичида Финляндиянинг унга киришини ратификация қилмаган охиргиси бўлди. Венгрия парламентида бу жараён 3 кун олдин – 27 март куни бўлиб ўтган эди.
Шундай қилиб Финляндиянинг Шимолий Альянсга кириши учун ҳеч қандай тўсиқ қолмади.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг Украинага босқини ортидан Швеция ва Финляндия НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берган эди. Ҳозирча Анқара Швециянинг иттифоққа киришини ратификация қилишни истамаган.
Даниянинг ўнг қанот экстремистик партияси раҳбари Расмус Палудан 21 январь куни Стокголмда – Туркия элчихонаси ёнида Қуръони карим нусхасини омма олдида намойишкорона ёқиб юборганидан сўнг Эрдўғон чиқиш қилиб, Швеция Туркиядан НАТОга аъзолик борасида хайрихоҳлик кутмаслиги кераклигини айтган эди.
“Туркиянинг Стокголмдаги элчихонаси қаршисида аҳмоқлик содир этилишига йўл қўйиб берганлар биздан НАТОга аъзолик борасида хайрихоҳлик кутмасинлар. Швеция Туркияни, шунингдек, мусулмонларнинг эътиқодий туйғуларини ҳурмат қилмас экан, НАТОга аъзолик борасида дастагимизни ололмайди”, – деган у.



