Жорий йил 29 март куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Ўш вилоятида тезкор тадбир ўтказиб, Қирғизистоннинг сохта паспортларини тайёрлаб сотаётган аёлни қўлга олган эди. Тинтув вақтида унинг хонадонидан 2 нафар маҳаллий ва бир нафар ўзбекистонликнинг паспортлари чиққан.
Мамлакат хавфсизлигига масъул ташкилотнинг тезкор тадбири давом эттирилиб, 30 март куни Қирғизистоннинг сохта паспорти ёрдамида “Ислом давлати” террорчи ташкилоти эмиссарлари кўмагида Сурияга кетишни ва террорчи ташкилот сафига қўшилишни режалаштирган Ўзбекистон фуқароси Х.А. қўлга олинди.
Расмий хабарга кўра, Х.А. ҳозирда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида.
Қайд этилишича, мазкур шахс халқаро террористик ташкилотларга аъзоликда гумонланиб Ўзбекистонда ҳам қидирувда бўлган.
Ҳозирда мазкур фактга алоқадор шахсларни аниқлаш юзасидан тегишли тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.
Аёлнинг уйидан топилган яна икки нафар қирғиз фуқаросига тегишли паспортлар бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
