Вазирлик ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигига саволлар…
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг фаолиятини кўриб чиқиш керакми? Мазкур вазирлик ва ташкилот ўз вазифасини қанчалик уддалаётгани шубҳа остидами?
Бугун ўзбекистонлик мигрантлар дуч келаётган охири йўқ муаммолар шу каби саволларни пайдо қилмоқда. Келинг, баъзи маълумотларни келтириб, уларнинг ўзига бу борада минбар берсак…
Маълумотларга кўра, бу йил британиялик фермерлар далаларда ишлаш учун 1,5 мингдан ортиқ ўзбек мигрантларини жалб қилишни режалаштирмоқда. Ушбу дастур Буюк Британия ҳукумати томонидан хорижий мавсумий ишчилар учун ажратилган 40 мингдан ортиқ квота доирасида амалга оширилмоқда. Қайд этилишича, ўтган йили Британияда мавсумий ишларда ўзбекистонлик 2 мингга яқин меҳнат мигрантлари ишлаган.
Мутахассислар фикрича, ўзбекистонлик мигрантларни жалб қилишга бўлган қизиқиш ошиб боришининг сабаби, ўзбек мигрантларнинг тартибли ва уюшган иши ҳамда меҳнатининг инглизларникига нисбатан арзонлигидадир.
Албатта, ушбу маълумот айрим мамлакатларда ўзбек мигрантларига нисбатан талаб ортаётганини билдиради. Аммо шу каби квота доирасидаги имтиёзлардан ўзбек мигрантлари хабардор қилиняптими?
Уларни ишга жўнатиш ва ўзга мамлакатдаги қонуний ҳақ-ҳуқуларини таъминлаш борасида тайинли иш олиб бориляптими? У ҳолда нега айрим ватандошларимиз турли хусусий фирмалар орқали катта пул сарфлаб, ўзга юртларга кетяпти? Оқибатда муаммолар гирдобида қолиб кетаётгани ҳақида гапиришмоқда?
Муаммолар…
“Ishonch” мухбири ўрганган маълумотларга кўра, ўтган йили Самарқанд вилоятидан ўзбекистонликлар ўз чўнтагидан 8 минг доллар сарфлаб Англияга мавсумий иш учун борган. Афсуски, уларнинг кўпи сарф этган харажатларини ҳам чиқаролмай ноқонуний мигрант сифатида қолиб кетган.
Бу хусусда биз фикрларини ўрганган ўзбек мигрантларидан бири шундай дейди:
– Ҳозирда Англиянинг Лондон шаҳридамиз. Бу ерда мен каби кўплаб ўзбеклар бор. Айрим ноинсоф, очофатлар туфайли, уларнинг ёлғон ваъдаларига учиб, асли текин бўлган 6 ойлик мавсумий иш учун турли фирмаларга 5-6 минг АҚШ доллар харажат қилиб келганмиз.
Ваҳоланки, қўшни давлатлар – Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келганлар ҳеч қандай ҳаражатларсиз, фақат виза тўлови ва чипта олиб келишган. Ўзбекистоннинг Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграция агентлиги ҳам шу ишларга бош бўлса жуда яхши бўлар эди.
Чунки бу ерда ҳар йили минглаб мавсумий ишчилар керак бўлади. Кўпчилик тилни билмагани, фирмаларда иш соати кам ва маоши озлиги, бошқа сабабларга кўра, ҳеч бўлмаса қилган ҳаражатларини чиқариб олиш мақсадида ноқонуний ишчига айланиб қолди. Чунки 6 ой 5-6 минг долларни (айримлар 7-8 минг доллар харажат қилишган) ишлаб топиш учун жуда оз фурсат. Бундан ташқари, оиласи ва болаларига ҳам пул ишлаб бориш керак.
Шунинг учун ҳозирда бу ерда юрганларнинг кўпчилиги тушуниб, тушунмай турли сабабларга кўра, Ўзбекистонда қарздорлик, ижтимоий ва бошқа сабабга кўра, қочоқлик (асйлум, рефуге) визасини олаяпти.
Мигрантлар фарёди
Андижонлик муҳожир Илҳомжон Эркнов Англиядаги минрантлар ҳолатини қуйидагича тасвирлайди:
– Тақдир ва қисмат миллионлаб ватандошларимни нон илинжида не-не жойларга улоқтириб юборган. Кеча фермадан иши-ю визаси тугаган 5 та ватандошим билан гаплашдим. Кўзлари жавдираб қолган. Қайтаяпсизларми, десам улар бир овоздан йўқ, уйда нима қиламиз, дейишди.
Ҳолатини кўрсангиз эди. Буни қарангки, англиялик фермернинг иши битаяпти – бу бир. Ўртада одам ёллаётганларнинг киссалари қаппаяяпти – бу икки. Лекин мавсумий ишчиларнинг аксарияти ярим йил тер тўкиб, итдек ишлаб, қуруқ қўл билан қайтишяпти.
Ачинарлиси, икки ўртада пулсиз, ҳеч қандай ҳимоясиз қолаётган қоракўзларимизнинг тақдири давлатнинг қайсидир идораси мутасаддиларини ўйлантириши керак эмасми? Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги авиачипта устига пул қўйиб сотишдан, иш жойларини пуллашдан нарига ўтмаётган экан, бу агентлик аслида, керакми, деган савол туғилади.
Агентликда 5 йилда 7 мартадан бошлиқ алмашаяпти. Энди ҳам тизимнинг кемтикликларини кўриб чиқиб, қаерда коррупцияга йўл қўйилаётган бўлса бартараф этиш вақти келмадимикан?
Қолаверса, бир вақтлар давлатимиз раҳбари элчиларимизга миграция масаласида алоҳида топшириқлар берганди. Бугун қайси бир чет давлатга борган ватандошимизнинг ижтимоий-ҳуқуқий муҳофазаси қай даражада ҳимояланган? Қайси бир элчимиз йил давомида қанча ишчини қонуний ҳар томонлама муҳофазаланган иш ўрни билан таъминлаш учун ўзи фаолият олиб бораётган давлатда қандай ишларни амалга оширди?
Албатта, муаммолар кўп. Уларга ечим топиш ҳам ўзимизга боғлиқ. Чунки ҳеч ким четдан келиб ҳал қилиб бермайди. Қолаверса, муқим бир касб-корнинг этагини тутмай четдан бахт излашлик нақадар тўғри? Аслида ўз юртингдаги тош ёмғири ўзга юртдаги олтин ёмғиридан афзал. Чунки хўроз ҳамма жойда бир хил қичқиради.
Анваржон ҲАЛИМОВ
“Ishonch.uz”
