Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги диққатига!
Қўшработ туман халқ таълими тизимида ишловчи 3 мингга яқин ўқитувчилар ойлик маошини ололмай, икки банк ўртасида сарсон бўлмоқда. Бу ҳақда улар “Ишонч” порталига йўллаган мурожаатида маълум қилишди. Гап шундаки, соҳа ходимларининг ҳисоби “Агробанк” АТБ Қўшробот филиалидан “Халқ банки” туман бўлимига ўтказилган. Маълум бўлишича, “Агробанк” АТБ ходимлар маошини уларнинг ҳисоб рақамига ўтказиб бермаяпти.
Ходимларга кўра, уларнинг ҳисоби дастлаб «Агробанк» АТБда бўлган, сўнг «Халқ» банкига ўтказилган, орадан бир ой ўтиб тағин «Агронбанк» АТБга ўтказилмоқда.
– “Халқ банки” пластик карталари орқали февраль ойи маошини ўз вақтида олдик. “Агробанк” АТБга ҳисобимиз ўтказилгач, банк маошимизни тушириб бермаяпти. Аслида собиқ банкимиз ҳам ойликларимизни муттасил кечиктириб турарди. Янги пластик очтириш ташвишларидан энди қутилишгандик, — дейди, туманнинг 52 — умумтаълим мактаби ўқитувчиларидан бири.
Қўшробот туманининг онлайн мурожаатлар гуруҳига айни вақтда соҳа ходимларидан юзлаб мурожаатлар келиб тушмоқда. Бироқ мутасаддилар ҳолатга изоҳ бермаяпти.
Мазкур муаммо бўйича Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги матбуот хизматига мурожжат қилдик. Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Лайло Рустамованинг “Ишонч”га билдиришича, соҳа ходимларининг банк алмаштиришини вазирлик назорат қилмайди. – Бошқа ишхоналарда ҳам банк алмашиши мумкин, бироқ муаммони ўрганмиз, дейди у.
Ўқитувчиларни икки банк ўртасида сарсон қилиш ғояси кимдан чиққанлигига балки вазирлик тез орада аниқлик киритар.
Нуриллар ШАМСИЕВ
«Ishonch.uz»
