Бугун ўзбек жамиятидаги муҳокамали мавзулардан бири шубҳасиз – сунъий интеллект. Мазкур тушунча замонавий тилда ChatGPT, деб ҳам аталади. Хўш, сунъий интеллект нима? Инсон ақл-закосининг ўрнини босувчи, дея эътироф этилаётган бу атама моҳияти қандай?
Маълумки, ҳозирда тарихий шахсларнинг қиёфасини сунъий интеллект ёрдамида жонлантириш кун сайин омманинг эътиборини тортмоқда. Айниқса, «Ўтган кунлар» ва «Бобурномаʼʼ асарларидаги таърифлар орқали тарихий шахсларнинг қиёфаси айнан чизиб берилаётгани шов-шувлар марказидаги мавзулардан бири.
Сунъий интеллектга таъриф
Айрим манбаларда сунъий интеллектга инсоннинг ижодий функцияларини бажарувчи восита, дея таъриф берилади. У ақлли машиналар айниқса, ақлли компьютер дастурларини яратадиган фан ва технологиядир.
Америкалик олимлар сунъий интеллект билан жиҳозланган робот билан тажриба ўтказишганда робот жиддий зарар кўрса-да, ишлашда давом этган. Тажриба давомида «жароҳат олган» робот камида олтита турли хил жароҳатларга, шу жумладан, 2 та пастки “оёқ-қўллари”нинг тўлиқ йўқолишига мослаша олди. Қолаверса, роботнинг «қўли» камида 14 турдаги жароҳатларга, жумладан, унинг иккита двигатели ишдан чиқишига мослашган.
Сунъий интеллект саволларга жавоб бериши мумкин
Энг кучли сунъий интеллект билан ишлайдиган матн ёзувчи – OpenAI ва GPT—2 хатбошиларини ёзиши мумкин ва хатоларга йўл қўймайди. Шу билан бирга, тизим умумий билимларга тегишли бўлса, саволларга тўғри жавоб беради.
Башорат…
Тадқиқотчилар сунъий интеллект 2060 йилда инсоннинг деярли барча вазифаларини мустақил равишда бажара олишига умид қилишмоқда. Ҳозирда сунъий интеллектга эга роботлар аллақачон диктор бўлиб ишлаяпти, космосга учяпти, ҳатто футбол ўйнаяпти. Хитойнинг Синхуа ахборот агентлигида янгиликларни робот диктор ўқийди. У Чжан Ванвейнинг ҳаётий прототипи асосида яратилган. Робот фақат янгилик матнларини ўқибгина қолмай, балки инсонларнинг мимикаси ва нутқ услубига ҳам тақлид қила олади.
Сунъий интеллект асосан, камроқ жисмоний меҳнат талаб қилинадиган касбларга таъсир ўтказиши тахмин қилинмоқда. АҚШда сунъий интеллект офис режимида фаолият олиб борадиган касбларга 46 фоиз, юридик касбларга 44 фоиз, архитектура-муҳандислик соҳасидаги вазифаларга 37 фоиз таъсир ўтказиши қайд этилган.
Шунингдек, сунъий интеллект жисмоний ва гуманитар соҳадаги вазифаларга 36 фоиз, бизнес ва молиявий жараёнлар билан боғлиқ иш ўринларига 35 фоиз таъсир ўтказиши башорат қилинмоқда. Аммо жисмоний меҳнат билан боғлиқ касблар, жумладан, қурилиш, тозалаш, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларга сунъий интеллектнинг таъсир жуда оз, атиги 1 фоиз.

Тақиқ…
Италияда ChatGPT, яъни сунъий интеллектдан фойдаланиш тақиқланган. Ҳозирда мамлакат нейрон тармоқни тақиқлаган дунёдаги биринчи давлат. Расмийлар сунъий интеллектни шахсий маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузган, деб ҳисобламоқда.
Мадина Пўлат қизи
“Ishonch.uz”
