Тиббиёт фанлари доктори, онкожарроҳ Олимжон Ғуломов билан ошқозон-ичак касалликлари, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва даволаш чоралари ҳақида суҳбатлашдик.
— Қизилўнгачда учрайдиган хавфли ўсмалар билан касал бўлганлар сони сўнгги йилларда ошгандек…
— Қизилўнгачдаги касалликлар аҳоли орасида кенг тарқалган касалликлардан бири. Улар яхши ва ёмон сифатли турларга таснифланади. Ёмон сифатлига қизилўнгач саратони, чандиқли ўсмалар киради. Касаллик белгилари — тўш орқасида симиллаб оғриқ бўлиши, жиғилдон қайнаши, овқатланиб бўлгач, кўкрак қафасида оғирлик бўлиши кузатилади. Қизилўнгач касалликларига ташхис қўйиш бирмунча қийин. Аксарият беморлар юрагим оғрияпти, деб кардиологга мурожаат қилишади. Аниқ ташхис қўйиш учун эндоскопия, рентген ва барийли текширувлар ўтказиш керак.
— Ошқозон ярасига чалинганлар ҳам кўпаймоқда. Бунга сабаб нима?
— Ошқозон яраси тартибсиз овқатланиш, ирсий мойиллик, кимёвий моддалар ва баъзи дори препаратлари (аспирин, гормон)ларни бетартиб истеъмол қилиш оқибатида пайдо бўлади. Яра касаллигида асосан, тўш соҳасида оғриқ, иштаҳанинг пасайиши, кўнгил айниши, жиғилдон қайнаши, қайт қилиш каби белгилар кузатилади. Яранинг жойлашувига қараб, овқатлангандан сўнг 2 соат ёки ундан кейин оғриқ бошланиши мумкин. Одатда, бу касалликка энг ишга яроқли инсонлар чалинади. Айрим касб соҳибларида ҳам бу касаллик кўп кузатилади. Бўёқчилар, косиблар, темир йўлчилар, сартарош ва ранг бўёқлари билан ишлайдиган соҳа вакиллари касаликдан кўпроқ азият чекишади. Улар иш фақтида махсус респираторли ниқоблардан фойдаланиши шарт.
Муолажа давомида шифокор назоратида бўлиш, қатъий парҳезга риоя қилиш тавсия этилади.
— Етарлича даволанмаслик қандай оқибатларга олиб келади?
— Баъзан ҳушдан кетиш, баъзан ичакдан қон кетиши ёки қон қусиш рўй беради. Бу ҳолат такрорланса, камқонликка сабаб бўлади. Агар ошқозон яраси тешилса, бемор ҳушдан кетади ва бунда у зудлик билан шифохонага етказилиши ҳамда жарроҳлик амалиёти ўтказилиши зарур. Ошқозон ярасининг саратон касалига айланиб кетиш каби жиддий асоратлари бор.
Агар саратон илк босқичларида аниқланса, даволаш осон кечади. Охирги босқичларда келинса, кимётерапия, нурли терапиялар ўтказилади. Ўсма борлиги аниқланса ва у бошқа аъзоларга ўтиб кетмаган бўлса, жарроҳлик йўли билан олиб ташланади. Ошқозон саратони йилдан йилга ҳам кўпаймоқда, ҳам ёшармоқда. 30 ёшдан 50 гача бўлган давр ишга энг лаёқатли давр ҳисобланади. Айнан шу ёшдаги инсонларда ошқозон, қизилўнгач саратони, ўн икки бармоқдаги ичак касалликлари кўп кузатилади. Шу учун иш берувчи раҳбарлар ходимлар соғлигига эътиборсиз бўлмаслиги керак.
— Ошқозон саратони безовта қилмасдан, белгиларсиз ҳам ривожланиши мумкинми?
— Ҳа, афсуски, саратоннинг яширин турлари ҳам бор. Нима бўлган тақдирда ҳам, инсон ўз организмини эшитиши, уни эҳтиёт қилиши зарур. Организм ўзига керакли бўлган витамин ва дориларни ўзи сўраб олади. Гоҳида ширин ёки нордон таъмли нарса егимиз келади. Шундай паллада организм истагини қондириш керак. Аслида, уч маҳал овқатланиш керак деган қоида ҳеч қаерда йўқ. Қорнингиз очдими, уни тўйғазиш ҳаракатида бўлинг. Соғлиғингиз безовта қилса, дарҳол мутахассисга мурожаат қилинг.
— Ошқозон-ичак касалликлари қайси ҳудудларда кўп учрайди?
— Қорақалпоғистон ва Оролбўйи ҳудудларида. Сабаби ҳаммага маълум. Экология…
Чўл ҳудудларда яшайдиганлар қизилўнгач саратони билан шифохонамизга даво истаб келишади. Фарғона вилоятидан ҳам айнан шу ташхис билан келишади. Чунки ушбу ҳудудда аччиқ маҳсулотлар севиб истеъмол қилинади. Ўта аччиқ ва иссиқ таомлар қизилўнгачни зарарламасдан қолмайди.
— Яқинда бир маълумотни ўқиб қолдим. Эмишки, идиш ювиш воситалари, яъни кимёвий моддалар ҳам саратон кўпайишига сабаб бўлаётган экан. Шу тўғрими?
— Идишларни ювишда ишлатиладиган кукунлар, геллар ва ҳар хил суюқликларнинг чинданам ошқозон учун зарари катта. Ушбу воситалар билан ювилган идишларнинг устидан қайноқ сув қўйиш керак. Фақат совуқ сувда чайилса, зарарли хусусиятлар кетмайди. Нега охирги пайтларда ошқозон касалликлари кўп, нимага иммунитет тушиб кетмоқда? Биласизми, олдингилар идишни лой, кул ёки қумда ювишган. Ўша пайтларда касалликларнинг тури ҳам, хавфлилик даражаси ҳам юқори бўлмаган. Чала ювилган идишларда зиёнли воситалар қолиб кетади. Идишларни ювишда истеъмол содаси воситадан фойдаланган маъқул. Унинг организмга заррача хавфли таъсири йўқ.
Феруза РАҲИМОВА
«Ishonch.uz»



