Меҳнат қилиб, иш ҳақини ололмаслик, ўз ҳақини сўраб, эшикларда сарғайиш машаққатини шу ҳолатни бошдан ўтказганлар яхши ҳис қилади. Навоийлик Баҳодир Қаҳҳоров ва унинг дўстлари – Муроджон Зоиров, Ғайратбек Баратов, Исломжон Ҳайдаровлар ҳам ана шундай қийинчиликка дуч келган юртдошларимиздан. Улар яқин кунгача нақд 171 миллион 950 минг сўм меҳнат ҳақини ололомай, турли ташкилотлар ўртасида аросатда қолганди…
Бу ҳақда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгашига Баҳодир Қаҳҳоровнинг турмуш ўртоғи Зулфия Қаҳҳорова шикоят қилиб, маълум қилди.
Қайд этилишича, аёлнинг турмуш ўртоғи дастлаб «Кумушбиби Гранд» МЧЖ раҳбари Валижон Ўриновга учрашади ва корхонага 171 миллион 950 минг сўм эвазига қуёш панеллари ўрнатиб беришга келишади. Улар қисқа фурсатда 17 минг 195 метр узунликдаги кабелни ер остига ётқизиб, ишни муддатидан олдин бажаришади. Аммо меҳнат ҳақини олишга келганда тавбаларига таянишади. Сабаби, МЧЖ раҳбари пулнинг 68 миллион сўмини тўлайди-ю, қолганини беришни хаёлига ҳам келтирмайди.
Бу бедодликка чидай олмаган тўрт оғайни бор гапни қоғозга тушириб, туман ички ишлар бўлимига топширишади. Бироқ ушбу орган ҳузуридаги тергов бўлими мутасаддилари масала бўйича судга мурожаат қилиш лозимлигини тушунтиради.
Бефойда югур-югурлардан силласи қуриган Баҳодир Қаҳҳоров турмуш ўртоғи Зулфия билан бирга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Навоий вилояти кенгаши меҳнат ҳуқуқ инспектори Алишер Раҳматовга учрашиб, можарони ипидан игнасигача сўзлаб беради. Алишер Раҳматов эса фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судига тақдимнома киритади.
Суд ишни одилона кўриб чиқиб, низоли ҳолатни ижобий ҳал этиш лозим деган тўхтамга келди. Пировардида Баҳодир Қаҳҳоров, Муроджон Зоиров, Ғайратбек Баратов ва Исломжон Ҳайдаровларнинг ҳар бирига «Кумушбиби Гранд» МЧЖ ҳисобидан 31 миллион 657 минг 500 сўмдан – жами 126 миллион 630 минг сўм миқдорида меҳнат ҳақи ундириб бериш юзасидан ҳал қилув қарори чиқарди. Шундай қилиб, касаба уюшмаси вакилининг бевосита аралашуви билан адолат қарор топди, бировнинг ҳақини беришни унутган МЧЖ бошлиғи эса бармоғини тишлаб қолди…
Нормурод МУСОМОВ
«ISHONCH»
