Вулқонлар отилиши Ерга музлик даврини қайтарадими?

50

Олимлар вулқонлар отилиши музлик даври қайтадан бошланишига сабабчи бўлиши мумкин дейишмоқда.

Зеро, Курраи заминимиз иқлими ўзгара бошлашидан олдин музлик даври, деб номланувчи кўп асрлик совуқ даврларни бошидан кечирган.

Тадқиқотларга кўра, бунга вулқонлар отилиши сабаб бўлган бўлиши мумкин, чунки ўша кезлар атмосферада қуёш нурини тўсиб қўювчи ҳар хил заррачалар пайдо бўлган, деб ёзади Space нашри.

Швейцариянинг Женева университети олимлари қадимги даврлардаги вулқон отилишлари бўйича олиб борилган янги тадқиқот натижаларини тақдим этишди. Улар асосан 1100-1300 йиллар оралиғида Европада католик роҳиблар томонидан яратилган юзлаб тарихий ёзувларни таҳлил қилишган. Бу манбаларда Ой бутунлай Ер соясида қолгани, 187 та тўлиқ Ой тутилиши тасвирланган.

Тадқиқотчилар бундай дамларда ойнинг ёрқинлиги ва ранги нечоғли ўзгариши ҳақидаги маълумотларни ҳам ўрганишган. Таъкидлашларича, тутилиш қанчалик ёрқин бўлса, атмосфера ҳам шунчалик тоза бўлади. Қоронғили тутилишлар эса атмосферанинг юқори қатламларида ифлослантирувчи моддалар миқдори кўпайганидан ва у яқинда содир бўлган вулқон кучли отилганидан далолат беради.

Олимлар ўзлари ўтказган янги тадқиқот хато-камчиликлардан холи эмаслигини ҳам тан олишган.