Бунинг учун ҳудудда янги транспорт маршрутлари ва мультимодал логистика маркази қурилади.
Президент Шавкат Мирзиёев иштирокида ўтаётган Халқ депутатлари Сирдарё вилояти кенгаши сессиясида ҳудуд аҳолиси фаровонлигини янада яхшилашга қаратилган қатор ташаббуслар илгари сурилди. Жумладан, ушбу вилоят келгусида Ўзбекистонни Қозоғистон, Тожикистон, Хитой ва Афғонистон билан боғлайдиган йирик логистика хабига айлантирилиши маълум қилинди. «Бунинг учун хитойлик инвесторлар билан ҳамкорликда республиканинг шарқий ва марказий қисмларини ҳамда чет эл йўналишларига боғлайдиган янги транспорт маршрутлари ва мультимодал логистика маркази қурилади», дея таъкидлади давлатимиз раҳбари.
Бундан ташқари, сессияда йўл қурилиши, таъмирлаш ва бошқаришга хусусий секторни жалб қилиш Сирдарёдан бошланиши қайд этилди. Ўтган йилларда давлат тиббий суғуртаси, тиббиётни рақамлаштириш каби ислоҳотлар айнан шу вилоятдан бошланганди, эндиликда илк тиббиёт кластери ҳам унинг ҳудудида барпо этилмоқда.
Гулистон шаҳрига қўшни Қозоғистон ва Тожикистондан ҳар ойда 1,5 минг бемор даволаниш учун келмоқда. Шу боис мазкур ташаббус доирасида Гулистон Ўзбекистоннинг “Инновацион медицина хаби”га айлантирилади.
Давлат раҳбари янги ташаббуслар бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.



