Қонунчиликда акс этаётган янги ҳуқуқларингизни биласизми?
«Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз. Айтганларингизнинг барчаси сизга қарши судда ишлатилиши мумкин ва ишлатилади.
Сиз адвокат билан маслаҳатлашиш ҳуқуқига эгасиз. Адвокатингиз сўроқ пайтида иштирок этиши мумкин. Агар адвокат хизматларини тўлашга қодир бўлмасангиз, у сизга давлат томонидан тақдим этилади.
Сиз қўнғироқ қилиш ҳуқуқига эгасиз. Ҳуқуқларингизни тушундингизми?».
Бу машҳур ибора бир неча марта жиноий жавобгарликка тортилган Эрнест Артуро Миранда исмли АҚШ фуқароси номи билан боғлиқ.
Маълумотларга кўра, 1966 йили бир неча жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинган Мирандага сўроқ қилинишдан олдин унинг гумондор сифатидаги ҳуқуқлари ўқиб эшиттирилмаган. Миранда ўз ҳуқуқларини билмаган ҳолда айбига иқрорлик кўрсатмаларини берган. Кейинчалик суд ҳукми Миранда ўз ҳуқуқларидан хабардор қилинмагани сабабли АҚШ Олий суди томонидан бекор қилинган. Шундан буён «Миранда қоидаси» дастлаб сўроқ қилиш олдидан ёки ушлаб туриш вақтида гумон қилинувчи ва айбланувчига ўз ҳуқуқлари тушунтирилишини кафолатлади…
Ривожланган давлатларнинг Конституция ва қонунларида акс этган «Миранда қоидаси» ва «Хабеас корпус» институтлари Ўзбекистон Конституциясига киритилаётгани мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари тўла ҳимоя остида экани, ҳеч ким унга дахл қилишга ҳақли эмаслигини кафолатлайди.
Конституцияга киритилаётган ўзгаришларга кўра, эндиликда шахсни ушлаш пайтида унинг барча ҳуқуқлари ва ушланиши сабаби аниқ тушунтириб берилиши шарт. Яъни ушланган шахс сукут сақлаш, сўроқ жараёнида адвокати иштирокини талаб қилиш ва бошқа ҳуқуқларга эгалиги шахсга илк сониялардаёқ содда тилда айтиб ўтилади. Бу фуқарони давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг ўзбошимчалигидан ҳимоялайди, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини оширади. Ўз ҳуқуқини билган инсонларга қарши терговда зўравонлик ёки қонунга хилоф ишлар қилиш эҳтимоли камаяди.
Инсоният қайси замон, қайси даврда бўлмасин, ҳамиша ўз мустақиллиги ва эркинлиги учун курашиб келган. Ана шундай курашлар самараси ўлароқ, дунёда демократиянинг энг муҳим негизи – инсон ҳуқуқи ва эркинлигини олий қадрият сифатида эътироф этадиган, унинг ҳимоясини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган тарихий ҳужжатлар қабул қилинган. Конституциямизга киритилаётган янги нормалар ҳам тарихий аҳамиятга эгалиги билан муҳимдир.
Қонун лойиҳасида белгиланаётган «Хабеас корпус» институти шахсий эркинлик дахлсизлигини кафолатлаб, тергов органлари томонидан инсонларни ноқонуний ҳибсга олиш, асоссиз қамоққа олиш ва сақлашга йўл қўймасликка қаратилган. Бу қоида шахс эркинлигини чеклаш билан боғлиқ ҳар қандай ҳаракат фақатгина суднинг қарори асосида амалга оширилиши шартлиги талабидир.
Бу янги норма суд-тергов жараёнларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни ноқонуний ҳаракатлардан тийиб туриш, шахснинг асоссиз ҳибсга олиниши ҳолатларини бартараф этишга хизмат қилади. Бунинг натижасида тергов давомида инсоннинг озодлигини чеклаш билан боғлиқ хатоларга йўл қўйилмайди. Шахс озодлиги эса муқаддас тушунчалардан бири саналади. Мазкур ўзгаришлар инсонларнинг мана шу энг муҳим ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Ўз ҳуқуқларини яхши билган одамлар тергов жараёнида ноҳақликларга қарши тура олади, ҳаққини талаб қилади, адолат учун курашади. Эндиликда ҳақ-ҳуқуқларини билмайдиган шахслар ҳам ҳимоя остида бўлади. Конституцияга киритилаётган «Миранда қоидаси» инсон қадрини тергов жараёнида ҳам таъминлашга ёрдам беради. Бир сўз билан айтганда, «Миранда қоидаси» ва «Хабеас корпус» институтлари мамлакатимизда адолатли суд ҳокимиятини таъминлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Ушбу қоиданинг Конституция даражасида белгиланиши инсон ҳуқуқлари ҳимоясини янги босқичга олиб чиқади. Чунки бугун суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фуқароларни жазоловчи эмас, балки уларнинг ҳуқуқларини ҳурмат қилувчи ва ҳимояловчи, поймол қилинган ҳуқуқларини тикловчи ташкилотларга айланиб бормоқда.
Бир сўз билан айтганда, янгиланаётган Конституцияда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади этиб белгиланмоқда. Шу мақсадда инсон ҳуқуқларига оид нормалар 3 баробардан кўпроққа оширилмоқда.
Хусусан, давлат органлари фуқаро манфаатларини кўзлаши, қонунчиликда белгиланмаган мажбурият ҳеч кимнинг зиммасига ўз розилигисиз юклатилиши мумкин эмаслиги, айбсиз инсонлар жазога тортилиши мумкин эмаслиги, етказилган зарарнинг ўрни давлат томонидан қопланиши, ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал этилиши каби бир қатор меъёрлар ҳуқуқий давлатда фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
«ISHONCH»
