Сўнгги ўн йилликларда олимлар глобал исиш ва иқлим ўзгариши музликларнинг эриши тезлигига қандай таъсир қилишини ўрганишди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, кейинги даврда Арктика ўзининг муз қопламини муқаррар равишда йўқотмоқда, деб ёзади PHYS.org.
Сунъий йўлдош орқали кузатувлар 1979 йилда бошланган ва ўша пайтдан бери олимлар ҳар йили бутун дунё бўйлаб музнинг энг юқори чўққиларини қайд этишган. Олимлар бу йил март ойи бошида денгиз музлари Шимолий Муз океанининг атиги 14,6 миллион квадрат километр майдонини эгаллаганини аниқлашди. Бу Арктика музининг тахминан 1 миллион квадрат километри йўқотилганини кўрсатади.
Боулдердаги Колорадо университетининг Миллий қор ва муз ҳақида маълумотлар маркази маълумотларига кўра, Арктика қишки музлари март ойида океаннинг катта қисмини қоплайди. Шундан сўнг у аста-секин юпқалашиб, баҳор ва ёз ойларида эрий бошлайди. Охир-оқибат, унинг кўрсаткичи сентябрь ойига қадар минимал нуқтага этади.
Арктика муз қопламининг энг паст чўққиси тадқиқотчилар томонидан 2017 йилда қайд этилган, ўшанда умумий майдони атиги 14,4 миллион квадрат километрни ташкил этган. Шундан буён олимлар сунъий йўлдош кузатувлари тарихидаги энг паст бешта кўрсаткични қайд этишди.
Олимларнинг таъкидлашича, йиғилган маълумотлардан сентябргача музнинг қанча камайишини тахмин қилиш мумкин эмас. Чунки бу жараёнга ёзнинг олдиндан айтиб бўлмас иқлими таъсир қилади.



