“Таълим тажриба ўтказадиган майдон эмас…”

3180

Кўп танишларим ўқитувчи. Иш юзасидан улар билан боғланиб туришимга тўғри келади. Гап орасида албатта таълимдаги янгиликларни ҳам муҳокама қилиб кетамиз. Айниқса, педагоглар охирги йилларда таълимга жорий этилган электрон тизимлардан норози бўлиб “Ҳаммаси расво бўлаяпти. Олдинга эмас орқага кетаяпмиз” деган мазмунда гапириб қолишади.

Аслида ўзим ҳам шундай бўлаётганини сезиб юргандим. Чунки мен ҳам онаман. Икки нафар фарзандим ўқувчи. Илгари уларнинг баҳоларини кундалик дафтаридан қараб билиб борган бўлсам, ҳозир “kundalik.com”га ўтгандан бери шу ҳам йўқ бўлди. Тўғрироғи, бошида кириб қизларимнинг баҳоларини кузатиб борардим, аммо оралиқ таътилдан кейин “kundalik.com”га кириш электрон паролини унутиб қўйганимиз боис, ундан фойдалана олмадик. Ва бу ойлаб чўзилиб кетди. Кейин билсам, бир мен эмас, катта қизимнинг синфидаги 90 фоиз ўқувчининг ота-онаси унга кирмас экан…
Қишлоқ ҳудудларида ҳар доим ҳам электр бўлавермайди. Айрим жойларда эса интернет яхши эмас. Натижада дарс ўтаётганида электр ўчиб қолган ва “kundalik.com”да йўқлама қилолмаган, ўқувчиларини баҳолай олмаган педагог  уйига келгач ҳам телефон кўтариб овора бўлмоқда. Ўзи шундоқ ҳам ишдан чарчаб келган ўқитувчининг уйида ҳам телефон “ковлаб” ўтиришини тасаввур қилинг. Бир томондан асаби, бир томондан кўз нури увол бўлмоқда. Аслида бу ишлар телефонда эмас, ноутбук ёки планшетда бажарилиши керак. Аммо, ҳаммага ҳам ноутбук қаёқда дейсиз?
Тажрибалардан оқилона фойдаланаётган муассасалар ҳам бор, албатта. Мисол учун, Яшнобод туманидаги 255-мактабда кундалик дафтар ишлатилмайди,  кўпгина қоғоз-қаламли ишлар электрон ҳал этилади. Юридик фанлар доктори Хуршида Абзалованинг “Электрон таълим имкониятлари” номли чиқишида ҳам Тошкент давлат юридик университетнинг масофавий таълим платформаси (http://distant.tsul.uz) дунё бўйича эътироф этилган Moodle (объектга йўналтирилган динамик таълим муҳити) тизимида йўлга қўйилиб, янада такомиллаштирилгани таъкидланади. Жумладан, маъруза машғулотларини ўтказиш учун видеочат (Big Blue Button) va Zoom дастурий воситаси, назорат ишларини топшириш ҳамда уларни антиплагиат тизимидан ўтказиш механизмлари интеграция қилинди. Таълим платформасига 21 мингдан ортиқ электрон контент (видеомаъруза, аудио, электрон адабиётлар, маъруза матнлари, тест ва топшириқлар, қўшимча амалиёт материаллари) жойлаштирилган. Буларнинг барчаси замонавий ишлаш учун қулай шарт-шароит туғдиради.

—  Ҳозир мактаблар IRP – “Электрон база”да ишлашга ўтган. Бунга ҳали мактаб таълими тайёр эмас эди, — дейди Тошкент туманидаги 17-мактаб директори Дилноза Аҳмедова. — Таълим турли тажрибаларни ўтказиб кўрадиган майдон эмас.  Ҳозир электрон база, IRP сайти, kundalik.com, attestat.uz каби бир неча сайтларда ишлаш мажбурияти бор. 2022 йилнинг август ойидан бошлаб «E-huquqshunos”, яъни адлиянинг электрон тизимига ўтиб кетдик. Мактабда ишлаётган ходимларни адлия тизими рўйхатидан ўтказиш жорий этилди. Энди барча юритилаётган ҳужжатларимиз, буйруқларимиз малакали юристлар  томонидан кўриб чиқилганидан кейингина амалиётга татбиқ этиляпти. Бу тизимларнинг  яхши томонлари кўп, жумладан, қулайлиги ҳам. Аммо муаммо шундаки, уларнинг барчасига ҳеч қандай тайёргарликсиз ўтиб кетилмоқда. Таълим тизимимиз эса унга тайёр эмасди. Натижада кўп ишлар кўр-кўрона бўлмоқда, хусусан, директор ва  директор ўринбосарларининг кўп вақти ана шу базаларда ишлашга кетиб қолмоқда. Жумладан ўзим ҳам  йил бошидан буён кадрлар бўйича мутахассисимиз билан шу платформаларда ишлаш билан бандмиз. Аслида директор ва унинг ўринбосарлари  таълим сифати билан шуғулланиши керак. Афсуски, электрон базаларда ишлашдан ортиб, улар дарс таҳлили ёки ёш ўқитувчилар билан ишлашга вақт топа олмаяптилар. Педагогларнинг қандай дарс ўтаётганини текширишга ҳам улгурмаяптилар. Таълим сифатидек муҳим масала турганда, дарс бераётган ўқитувчилар ўз кучи ва вақтини зое кетказиши қанчалик адолатдан?  Бу ҳақда ҳеч ким бош қотирмаяпти.

Тан олиш керак,  биз кўпинча тажриба алмашишни шошқалоқлик билан, тайёргарликсиз бошладик.  Оқибатда бу ишлар фойда билан эмас,  молиявий ва маънавий зарар билан тугалланади,  ачинарлиси,  қимматли вақт ўтказиб юборилади. Она тили ва адабиёт ўқитувчиси Муҳайё Икромованинг таъкидлашича, ўтган йили синф раҳбари бўлганда, унинг кўп вақти мана шу электрон тизимда ишлашга кетган. Ҳар куни тун ярмигача “kundalik.com”да ота-оналар номидан ўзи иштирок этишга мажбур бўлган. Педагог синфидаги 30 нафар ўқувчининг  2-3 нафарининггина ота-онаси “kundalik.com”га кириб, фарзандларининг ўқишини назорат қилган. Қолган ота-оналар номидан эса унинг ўзи кириб чиққан. Шундай қилмаса, мактабда синфининг, туманда эса мактабнинг рейтинги тушиб кетади. Ўқитувчи “гап эшитади”.

Касбимиз нуқтаи назаридан турли семинар ёки тақдимотларга борамиз. Баландпарвоз сўзларни, хориж тажрибаси устунликларини эшитамиз. Аммо 50-100 йил олдин ривожланиб бўлган давлатнинг бугунги кундаги тажрибасини ривожланаётган давлатимизга бирданига олиб, қўллашга киришиш қанчалик тўғри? Жараёнлардан кўриб турибмизки, бу каби тажрибалар таълимни ривожлантириш ўрнига, педагогларни бош мақсадидан чалғитиб, оворагарчиликларга, куч ва салоҳиятларини иккинчи даражали ишларга сарфлашга олиб келяпти. Шуларнинг ўрнига амалий озгина ва созгина тажрибалар қўлланилса,  мақсадга мувофиқ бўларди.

 Шоира БОЙМУРОДОВА,
журналист