Навоийда ходимларга “Қонингни ичаман” деган директор жазоланди

58

Навоий вилояти Навбаҳор туманидаги 9-умумтаълим мактаби директори Дилдора Туропованинг ўқитувчиларни “Ташаббусли бюджет”га овоз йиғиш учун мажбурлагани ва устозларга қарата “Қонингни ичаман”, дея  пўписа қилгани акс этган аудиоёзув шов-шувга сабаб бўлганди. Директорга хайфсан берилиб, 30 миллион сўмлик жаримага тортилди.

Директор Ishonch.uz мухбирига масала юзасидан қуйидагича фикр билдирди:

– Мен ўзим ёки оилам учун “Open budget”га овоз йиғинглар, – демаганман. Мактабимиз аҳволи жуда ночор. Таълим даргоҳимизни яхшилаш учун шунга мажбур бўлдим. 1000 нафардан ортиқ ўқувчи, 150 нафардан кўп ўқитувчи бор. Улар 14 та эски компьютердан фойдаланишади. Парталар ҳам анча абгор ҳолатда. Хуллас, замонавий билим беришга ҳеч қандай шароит йўқ.

Мутасаддиларга бу бўйича кўп марта мурожаат қилганмиз, аммо натижа бўлмаган.
Шунингдек, директор тайинланган жазодан норозилини ҳам айтиб ўтди.
Маълумот ўрнида қайд этиш жоиз, мазкур мактаб “Ташаббусли бюджет”да етарли овоз тўплаб, ютиб чиқди. Кейинги ҳафтада мактабга турли ўқув-жиҳозлари келтирилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хатирчи ва Оққўрғон туманларида ҳам шу каби воқеа юз берган эди.

Нормурод Мусомов,
Ishonch.uz