Сенатга етказилган таклиф ва уч бор қайтарилган маҳсулотлар… Мактабларда бепул нонушта сифати қониқарлими?

2614

Хоразм вилоятида ўтган ўқув йилининг тўртинчи чорагидан бошлаб бошланғич синф ўқувчиларига бепул нонушта бериш йўлга қўйилди.

Нонушта кейтеринг асосида етказиб берилмоқда. Мазкур тизим ишга тушганида ота-оналар ва ўқитувчилар томонидан маҳсулотлар сифатига эътирозлар билдирилган эди. Хўш, бугун вазият қандай? Бепул нонушта қай тартибда етказиб берилмоқда? Сифат назорат қилиняптими? Ушбу саволларга жавоб топиш учун Урганч шаҳридаги бир нечта мактабларда бўлдик.

“Шарбатларни рад қилдик”

1-умумтаълим мактабидаги бошланғич  синфларда  727 нафар ўқувчи таҳсил олади. Тадбиркордан нонушта қабул қилиб олиш учун ота-оналар ва ўқитувчилардан иборат ишчи гуруҳ тузилган.

– Ишчи гуруҳ таркибида ўзим ҳам борман. Маҳсулотлардан тотиб кўраман. Сифати, мазаси маъқул бўлсагина олиб қоламиз, – дейди мактаб директори  Гавҳаржон Дўстёзова. – Ҳар бир ўрамни кўздан кечирамиз.  Яроқли бўлмаган, сифатсиз маҳсулотларни қайтарамиз. Ҳар ойда ота-оналар орасида сўровнома ўтказиб боряпмиз.  Илгарилари турли шарбатлар келтиришарди. Ота-оналар билан келишиб, уларни рад қилдик. Ўрнига тоза ичимлик суви келтиришни сўрадик. Тадбиркор талабимизни қондирди.

– Шифокор бўлганим учунми, она сифатида фарзандларимнинг овқатланишига  масъулият билан қарайман.  Қизим  Урганчдаги 10-сон мактабнинг бошланғич синфида ўқийди.  Уларга бериладиган бепул нонушта сифати билан мунтазам  қизиқаман. Бугун нима беришди, едингми, мазаси қандай деб сўрайман. Тўғрисини айтсам, бошларида нонуштанинг сифати унча яхшимасди. Қизим емасдан уйга олиб келарди. Мактаб раҳбарларига бу ҳақда айтганман. Бошқа ота-оналар ҳам фикрларини билдиришган.. Йўқ, ҳозир нонушта сифатли. Янги тайёрланган маҳсулотлар беришади.  Талабимизга кўра, шарбатларни сувга алмаштириб беришди.

Болаларнинг тўйиб овқатланиши уларнинг фанларни яхши ўзлаштиришига,  танасининг нормал ўсишига хизмат қилади. Агар шу нонушта ўрнига  тушлик, яъни,  иссиқ овқат беришса, янаям яхши бўларди, – дейди касби шифокор бўлган оналардан бири Севара Жуманиёзова.

“Маҳсулотни уч бор қайтариб юборганмиз”

3-умумтаълим мактабида 1174 нафар ўқувчи бошланғич синфда таълим олади. Ҳар бир ўқувчи учун алоҳида ўрамда нонушта келтирилади.

– Ўрамларни кўздан кечирамиз. Ўқув йили бошида тушунмовчиликлар бўлди. Уч марта сифати қониқтирмагани учун маҳсулотларни қайтардик. Тадбиркорга талабларимизни қўйдик. Ота-оналар фикри ва эътирозларини етказдик. Учинчи чоракда нонушта сифати яхшиланди. Кекс, печеньелар ҳаммаси янги пиширилган. Мевалар ҳам яхши сақланган. Мактабда маҳсулотларни сақлаш учун махсус хона ташкил қилинган.  Ҳамшира ҳар куни нонуштадан намуна олиб, музлаткичда сақлайди, – дейди мактаб директори.

Мактаб ҳамшираси Дилфуза Раҳимованинг айтишича, нонушта эрталаб соат 8:30да қабул қилиб олинади. Орасида сифатсиз маҳсулот бўлса, қайтириб юборилиши мумкин. – Ҳозирча эътирозларимиз йўқ. Ота-оналардан ҳам шикоятлар бўлгани йўқ, – дейди у.

Жамоатчилик назорати ўрнатилган

 Албатта, икки мактабдаги ҳолат бутун вилоятдаги аҳволни баҳолашга асос бўла олмайди. Биз ота-оналар, ўқитувчилар билан суҳбатлашдик. Улар кейинги пайтларда нонушта сифати яхшилангани, “Юксалиш” умуммилий ҳаракати, касаба уюшмалари томонидан олиб борилаётган жамоатчилик назорати тадбирлари ўз самарасини бераётганини айтиб ўтишди. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати  мутахассислари мактабларга тез-тез ташриф буюриб, нонушта сифати, калориясини мунтазам назорат қилиб бормоқда.

Кунлар илиб бораётгани сабаб ота-оналар нонушта таркибини ўзгартириш кераклигини айтишди.  Масалан, бундан кейин олма таркибида витаминлар деярли қолмайди. Кекслар тез айниб қолиши мумкин. Шу боис  нонушта таркибини витаминларга бой мева ва қуруқ печеньега алмаштириш зарур. Қолаверса, ўрамда бир марталик ҳўлсочиқ ҳам бўлса, яхши бўларди. Тозалик болалар саломатлиги учун муҳим.

Айрим ота-оналар  бепул нонушта ўрнига бепул тушлик, иссиқ овқат берилса яхши бўларди, деган фикрда.  “Болалар эрталаб уйда нонушта қилиб кетади-ку, мактабдаги нонушта барибир катта танаффусда бериляпти”,  дейишди улар.  Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасаддилари  ушбу таклиф  Олий Мажлис Сенатига етказилганини  билдиришди.

Маълумотларга кўра, бошланғич синфларда бепул тушлик дунёнинг  бир қанча давлатларида ташкил қилинган. Боланинг тўйиб овқатланиши фанларни яхши ўзлаштиришига хизмат қилади.  Асосийси, маҳсулотлар сифатли, тўйимли ва албатта витаминларга бой бўлишидир. Мутасаддилар  ота-оналар таклифларига эътибор қаратишармикин?

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА
Ishonch.uz