Ресторани ишламайдиган  поезд – «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ҳолатга қачон эътибор қаратади?

105

Туризм соҳасида бугун янгиликлар кўп. Туристлар учун яратилган қулайликлардан халқимиз ҳам баҳам кўраётгани кишини қувонтиради. Аммо бу тизимда муаммолар ҳам етарлича. Бу борада баъзи реал воқеаликларни  ҳавола қилсак…

Оддий мисол, Андижон, Наманган, Фарғона ва Тошкент вилоятининг темир йўл бўйларидаги ахлат уюмлари, нураб, бир аҳволга келиб қолган деворлар, ёқиб юборилган буғдой майдонларини кўриб таъбингиз хира бўлади. Афсуски, ана шундай нохуш манзаралар туфайли сайёҳлар олдида хижолат  ҳам тортамиз…

“Вагон-ресторан таъмирлаш жараёнида”

Тезюрар ёки йўловчи поездлигига қараб, манзилга 6 соатдан 8 соатгача етиб борасиз. Аммо, аксарият йўналишларда ресторан ишламайди. Сабабини сўрасангиз, “вагон-ресторан таъмирлаш жараёнида” каби важларни кўрсатишади. Тонг саҳардан йўлга чиққан йўловчи албатта, нонуштани йўлда қиламан, деган ўйда бўлади.

Омадингиз келиб, ресторани ишлайдиган поездга чиққанингизда ҳам оддий официант хизматини кўнгилдагидек, дея олмаймиз. Мазкур масалада махсус курсларда касб сирларидан бохабар қилинган официантларга эҳтиёж сезиляпти. Ораста кийинган, юксак муомала маданиятига эришган ошхона ёки ресторан хизматчиси сайёҳлар учун юртимизнинг юзи бўлади.  Уларнинг мижозларга бўлган  муомаласи  ширин чойдан ҳам ширин бўлиши керакмасми?!

Интернет муаммоси

Темир йўл транспортида мамлакатимизнинг қай бир масканига борманг, интернет алоқаси муаммолигича қолмоқда.

Манзилига етгунича оч қолган  йўл бўйидаги нохуш манзаралардан таъби хира  бўлган, боз устига сифатли  интернет алоқасидан фойдалана олмаган йўловчи келаси сафар ҳам темирйўл хизматидан фойдаланадими? Қолаверса, сайёҳлар учун саёҳат – танга роҳат келтирадиган шарт-шароитлар яратилсагина ички ва ташқи туризм ривожланишини тушуниб етишимиз керак.

Шу йил Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда  туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда 2022 йилда юртимизга ташриф буюрган хорижий туристлар сони 2021 йилга нисбатан 3 бараварга ошганлиги маълум бўлди. (5,2 миллион, соҳа экспорти – 1,6 миллиард доллар). Вилоят ҳокимлари ва элчилар 7 миллион хорижий ва 15 миллион ички сайёҳларни жалб қилиши, экспортни 2,5 миллиард долларга етказиш устида ишлашлари шартлиги таъкидланди.

 

Шундай экан, бу вазифаларни бажариш учун темирйўл транспортида ҳам хизмат кўрсатиш сифатини ошириш вақти келмадими?

Анваржон ҲАЛИМОВ

 ishonch.uz