Отасиз ўсаётган болалар: фарзандларимиз тасаввурида фақат она образи шаклланиб қолаяптими?

138

Бугун яшашдан мақсадимиз шу қадар моддийлашиб кетдики, биринчи галда еб-ичиш, кийиниш, уй-жой, тўй-ҳашам ташвишида юрамиз. Инсонларнинг жамиятдаги обрў-эътибори ҳам шулар билан ўлчанадиган бўлиб қолди.

Бу «орзу-ҳавас»лар катта маблағ талаб қилади. Шу боис оила бошлиқлари икки-уч жойда, баъзан дам олиш кунлари ҳам ишлашга мажбур бўлмоқда. Ўзга юртда ишлаётган ҳамюртларимиз ҳам оз эмас. Табиийки, бундай ҳолларда уларда оила билан шуғулланишга вақт камаяди. Хўш, бу ҳолатда эркак қандай йўл тутиши керак?

Вақтини, имкониятини қандай тақсим этса, ҳаммаси кўнгилдагидек бўлади? Балки оталарга ҳам кўмак керакдир…

Бу ҳақда Тошкент давлат шарқшунослик университетининг педагогика ва психология кафедраси ўқитувчиси Рафаиль Бахтиёров шундай дейди:
– Бугун кўпчилик оталар фарзандлари билан юзма-юз суҳбатлашиш, улардаги ўзгаришларни пайқаш ва уларга ўрнак бўлиш каби имкониятлардан маҳрум бўлиб қолишяпти. Бу нарса болага таъсир ўтказмасдан қолмайди. Ҳолбуки, айни ўсмирлик даврида ўғил болага ота ўрнак бўлиши керак.

Ота назорат қилмагач, аксар оилаларда юкнинг оғири онага тушяпти. Натижада ота-оналар ўртасида келишмовчиликлар юзага келяпти. Болалар тасаввурида фақат она образи шаклланиб қоляпти. Оилада отанинг ўрни сусайиб боряпти. Аммо оталарнинг ҳаммаси ҳам оиласига, фарзандларига вақт ажратмаяпти, дейиш нотўғри. Оталик вазифасини ҳар жиҳатдан аъло даражада бажараётганлар ҳам кўп. Намунали ота бўлиш инсоннинг ўзига боғлиқ. Япониялик бир олим умримизнинг бир фоизини якшанбалар ташкил этишини ва мана шу бир фоиздан унумли фойдаланиш зарурлигини айтган. Биз ҳам ота сифатида якшанбалардан самарали фойдалансак, нур устига нур бўларди.

Отага ҳам маънавий қўллаб-қувватлов керак. Агар эркаклар турмуш ўртоғидан яхши сўзлар эшитиб турса, рағбат сезиб, депрессияга камроқ тушишади. Ҳозир турли муаммолар натижасида эркакларда тушкунликка тушиш ҳолатлари кузатилмоқда. Аёллар бундай вақтларда уларни қўллаб-қувватлаши ҳам қарз, ҳам фарз. Машҳур кишиларнинг, буюк шахсларнинг ютуқларида аёлларининг ҳиссаси катта эканлиги бунга бир мисол.

Дарҳақиқат, оилада отанинг обрўси, энг аввало, уни она қанчалик ҳурмат қилишига боғлиқ. Мутахассисларнинг фикрига кўра, оилада отанинг ўрни кучсизланиши, бу катта ижтимоий фожиадир. Ҳозир баъзи оила бекалари эрларидан кўпроқ пул топиш, орзу-ҳавасларини амалга ошириш иштиёқидалар. Агар эрнинг имкони етмай қолса, уни фарзандлари, ҳатто яқин қариндошлари олдида изза қилиш, турли баҳоналар билан жанжал чиқариш тўғримас-да, ахир! Бундай оилаларда қандай болалар вояга етади? Табиийки, отасининг ҳолатини кўриб, ўзига ишонмайдиган, турмуш ўртоғини ҳурмат қилмайдиган яна бир қатлам юзага келади.

Баҳодир Раҳматуллоҳнинг “Ота бўлиш осонми?” деб аталган рисоласида шундай фикрлар келтирилади: “Оилада раҳбар эркак кишидир. Отадан ўз қарамоғидаги жуфти ҳалоли ва фарзандлари ҳақида қиёматда сўралади. Лекин, афсуски, баъзи оталар оталик масъулияти деганда, фақатгина фарзандларини едириб-ичириш, уларга энг яхши кийим-кечакни олиб бериш, уларни ҳеч бир тенгдошидан кам бўлмай юришига эришиш, деб ўйлашади. Ҳолбуки, оталик масъулияти, аввало, уларнинг ўзлари тарбияли, диёнатли бўлгани ҳолда фарзандларини ҳам шу руҳда вояга етказишни талаб этади.

Мавзу юзасидан фикр-мулоҳазалар сўралган эркаклар орасида ҳам маънавий, ҳам руҳий қўллаб-қувватлаш марказлари, ўғил болалар учун уларни оилага, оталикка тайёрлаш курслари зарур, дегувчилар бўлди. Ахир оталарни ўйлантираётган масалалар, муаммолар бор.

Зеро, ҳақиқат шуки, оталар ўзлари учун эмас, оиласи, фарзандлари қайғусида яшайдилар.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
“Ishonch.uz”