Энди ипотекага уй олишда даромад бўйича маълумотнома талаб қилинмайдиган бўлди

51

Банкларга ипотека кредитларини расмий даромадга эга бўлмаган жисмоний шахсларга ҳам ажратишга рухсат этилди.

Бу ҳақда Президентнинг “2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгилаб қўйилди.

Бунда, ушбу фуқароларнинг тўлов қобилияти уларнинг банк картасидаги айланмаси, ижара, коммунал ва бошқа харажатларини ҳисобга олиш орқали аниқланади.
Мазкур ҳужжат билан, шунингдек, ипотека кредитлари ва субсидияларни ажратиш тартибига оид қатор ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, банкларга дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, кредитлар бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди. Бунда, дастлабки бадални кўпроқ тўлаган фуқаро арзонроқ кредит олиш имконига эга.

Субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун эса субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилди. Бунда, фуқаро 4 ойда сертификатдан фойдалана олмаса, у субсидияга қайта ариза топшириши мумкин.
Шунингдек, Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Халқпарвар комиссияларининг хулосасига асосан хато ажратилган субсидия сертификатларини тўғридан-тўғри бекор қилиш ва тўловларни тўхтатиш ҳуқуқи берилди.