Ishonch.uz мухбири вилоятдаги ҳолатни ўрганди
Ижтимоий тармоқларда Шарқий Европа ва Марказий Осиёдаги сабзавот, мева, резаворлар ва ёнғоқлар бозори ҳақида маълумот берувчи ихтисослаштирилган Европа “East Frut” портали Ўзбекистонда сабзи нархининг кескин ошганлиги ҳақида хабар тарқатди.
Ishonch.uz мухбири Самарқанд вилоятидаги бир қатор деҳқон бозорларидаги сабзи нархи билан боғлиқ ҳолатни ўрганди. Маълум бўлишича, вилоятда сабзи нархида кескин ўсиш қайд этилмаган.
Кўхна кентнинг марказий “Сиёб” деҳқон бозорида ўтган йилги сабзининг бир килоси 3-5 минг сўм атрофида сотилмоқда.
Иссиқхоналарда етиштирилган бу йилги янги сабзи эса 15-20 минг сўмдан баҳоланмоқда.
– Бозордаги энг арзон маҳсулотлар – сабзи, картошка, – дейди харидор Зоҳид Турсунбоев. – Сабзининг нархи сифатига қараб баҳоланаяпти. Мен музхонада сақланган, карсиллаб турган сабзини 4 минг сўмдан олдим. Янги сабзи қиммат бўлса-да майда. Ҳар ким таъбга ва ҳамёнга қараб савдо қилаяпти.
Вилоятнинг энг чекка тумани Қўшробот ва Жўш деҳқон бозорларида бир кило сабзининг энг баланд нархи 3 минг сўм. Оқдарё туманидаги Янгиқўрғон деҳқон бозорида ўтган йилги сабзи 3-3,5 минг сўмдан сотилмоқда. Андижон ва Жиззах бозорларида ҳам ўтган йилги сабзининг баҳоси 3-3,5 сўмдан сотилаётганлигини хабар қилишди.
