«Ҳоким иши»: манипуляцион тўр ёки Раббимовга эътироз!

504

Сўнгги кунларда ўзбек жамияти манипуляцион тўрга тушиб қолганга ўхшайди.

«Ҳоким иши» бўйича сиздирилган видео ва хабарлар атрофидаги баҳслар ҳануз давом этмоқда. Аммо, энг таассуфлиси, жамият бу ахборот “лойиҳа”си ортидан яна “қуруқ қўл” билан қолмоқда.

Кеча барча ресурслар бирваракайига тарқатган хабарнинг бугун рад қилиниши, устига ҳоким “бобо”нинг шахду шиддат билан “одамлар орасида” экани кўрсатилган янги видеолар нормал одамни юмшоқ айтганда, ҳадсиз ҳайратларга “ошно” этмоқда.

Андижон вилояти ҳокимлиги узоқ сукутдан сўнг хабарлар асоссизлиги ва бу масалада прокуратурага шикоят қилгани бўйича расмий маълумот берди.
Яхши, энди прокуратуранинг жавобини кутамиз ва у тақрибан қандай бўлишини ҳам тасаввур қилиш мумкин.

Аммо вақт ўз ишини қилди ва назаримда, энди видео аслмиди ёки монтаж қилинганми деган саволнинг ўзи камлик қилади бу ҳолатда.

Биринчидан, нега видеотасвирлар бўйича дарҳол жавоб берилмади? Нима кутилди? Ҳокимнинг гувоҳномани топширганлиги ҳақидаги хабар кимники эди, унинг эгаси қаерда, нега бу хабар рад этилди? Ким рад этди? Агар бу ҳақиқатга зид бўлса, буни ким атай тарқатди ва қонун уни топадими?

Умуман, прокуратура мана шундай кенг қамровли масалани нуқталаши лозим. Бизнингча, давлат мулозимлари ҳақидаги бундай турли ҳолатлар дарҳол ўз баҳосини олиши керак. Йўқса, ҳолатлар кўпаяди, ва ёмони бундан бошқаларга ҳеч ибрат бўлмайди.

Энди сиёсатшунос Камолиддин Раббимовнинг масалага ёндашувига эътибор берайлик:
– Ҳар бир инсонда, шахсий ҳаёт дахлсизлиги бўлиши керак. Давлат мулозимлари, агар мана шундай вазиятга тушадиган бўлса, ҳуқуқий саволлар қуйидагича бўлиши керак: «бу ҳолат иш жойида бўлганми?», «бу ҳолат иш вақтида бўлганми?». Агар давлат мулозими, иш вақтида ва ёки иш жойида шундай қилган бўлса, бу уни айблаш учун тўлиқ асос беради. Агар ушбу иккала саволга ҳам «йўқ» деган жавоб олинса, ҳокимга билдириладиган эътироз, тўлиқ ҳуқуқий мақомга, ҳуқуқий кучга эга бўлмайди, -деб ёзади у.

Кечирасиз, Андижонда қарийб 3 ярим миллиондан зиёд аҳоли бор. Бу ҳудуд аҳолиси Ўзбекистон аҳолисининг 10% ини ташкил қилади. Абдураҳмонов шунча халқ устида Президентнинг вакили, модомики, у аҳлоқан тубан экан, унинг элга раҳбар бўлишга, бу “вакиллик”мақомида ўтиришга на маънан ва на ҳуқуқан ҳақи бўлмаслиги керак. Бу Америка эмас ва ҳали ҳокимларни халқ сайламайди(халқ сайласа жавобгарлик ҳам халқда бўлар ва буни масъулияти бошқача бўлар эди). Президент ишончини суиистеъмол қилиш эса, албатта жазога муқаррар лойиқ иш бўлиши шарт.

ПС: Агар прокуратура бу масаланинг асл ҳақиқат эканини тасдиқласа…
Камолиддин Раббимов ҳақми ёки бизми – фикр билдиринг.