Тошкент шаҳрида давлат бюджети ҳисобидан ёки давлат-хусусий шериклик асосида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилади. Бу борадаги тегишли Ҳукумат қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.
Ҳужжат лойиҳасига мувофиқ, бундан пойтахтга кириб келувчи аҳолини шаҳар ҳудудида эркин ҳаракатланиши учун қулай шароит яратилишини таъминлаш мақсади кўзланяпти.
Мазкур кўп қаватли автотураргоҳларни келгусида тайёр бизнес сифатида, тадбиркорлик субъектларига автотураргоҳ профилини ўзгартирмаслик шарти билан сотиш режалаштирилмоқда.
Пойтахтда автотураргоҳлар қурилишига ер участкаларини танлашда қуйидаги мезонлар эътиборга олинади:
• шаҳарга автомототранспортнинг асосий кириб келиш автомагистралларга;
• кун давомида аҳоли гавжум бўладиган савдо, спорт, дам олиш ва кўнгилочар мажмуаларига ҳамда олий таълим муассасаларига;
• аҳоли учун иш ўринлари кўп миқдорда концентрациялашган ишлаб чиқариш объектларига;
• аҳоли учун чиқиб кетишга мўлжалланган аэропортлар, темир йўл вокзаллари, автовокзаллар ва шаҳардан ташқаридаги манзилларга элтувчи такси тураргоҳларига яқин бўлиши.
Давлат-хусусий шериклик асосида қурилган автотураргоҳларни давлат шериги томонидан ижарага бериш шаклида амалга оширилади. https://regulation.gov.uz/uz/d/78523
Кўп қаватли автотураргоҳлар учун ер майдонини ажратишдан олдин белгиланган тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилади ҳамда табиатни муҳофаза қилиш қонунчилигига қатъий риоя этилиши юзасидан давлат назорати ўрнатилади.
