Помидор кетидан сабзи нархи ҳам кескин қимматлашдими? «Ишонч» мухбири суриштирув ўтказди

71

Бугунги маълумотларга кўра, пойтахт бозорларида янги сабзи нархи 15-16 минг сўмдан сотилмоқда. Қолаверса, барча савдо дўконларидан топиб бўлмайди.

Бозорларда сотилаётган ўтган йилги сабзининг ўртача улгуржи нархи 1 кг.
учун 4000 дан 6000 сўмгача баҳоланган. Вилоятларда эса бу кўрсаткич нисбатан арзон нархда. Мисол учун, Самарқанд ва Андижон вилоятида 3000 минг сўмдан 4000 минг сўмгача сотилаётгани маълум бўлди.

Ishonch.uz мухбири ички ва ташқи бозорга тонналаб савзавот ва боғдорчилик маҳсулотларини етказиб берадиган фермерларнинг сабзи нархига муносабатини ўрганди.

Ислом Худойбердиев, Сурхондарё вилояти, Ангор тумани «Бақтрия» фермер хўжалиги раҳбари:

— Ўтган йилнинг ноябрида 2 гектар ерга қизил сабзи эккандим. Январь ойидаги аномал совуқ таъсирида барчасини совуқ уриб кетди. Бундан ташқари, 10 гектар ерда лавлаги, карам, шолғом, кўкатлар пиёзларим ҳам бор эди… Деҳқон ерга уруғ сочаётганда бор умидини, маблағини тиккан бўлади. Аномал совуқ кунлари далага борсам, «плёнка» остида бўлса ҳам барча сабзавотлар сув бўлиб қолибди. Кунлар сал илигандан сўнг, ерни қайтадан текислаб бошқатдан уруғ қададим. Кўпга келган тўй, қанчадан-қанча фермерлар мен каби зарар кўришди. Кўп йиллик тажрибага эга фермерлар сабзи кўчатлари устидан 70-80 см.лик тупроқ ташлаб, аномал совуқдан асраб қолишибди. Ўша фермерлар 50/50 ҳосил олишди. Ўтган йили мана шундай пайтда биз сабзавотларимизни хорижга экспорт қилаётгандик. Айниқса, карам ва пиёз, сабзидан яхшигина даромад олган эдик. Февраль ойида экилган сабзилар 20-30 кунда бозорларимизга кириб боради. Сурхондарёнинг айрим ҳудудларидан чиққан ва совуқ урмаган янги сабзилар 11-13 минг атрофида сотилмоқда.
Эски сабзи эса 3-4 минг сўмдан.

Айтганча, кузги ҳосилдан ҳам деҳқонлар кўп талофат билан чиқди. Аномал совуқ ҳаттоки ўрадаги сабзи ва бошқа сабзавотларга ҳам раҳм қилмади. Йил бошланиши биз учун оғир келди. Янаям ерни севамиз. Ҳозир барқ уриб кўкараётган ва яқинда халқимизга етиб борадиган экинларимга хурсанд бўлиб боқиб, ишлашда давом этаяпман.

Қаҳрамон Сувонов, Самарқанд вилояти, Тайлоқ тумани «Ғиёс» фермер хўжалиги раҳбари:

— Ўтган йили қиш қаттиқ келишини билиб, сабзи экмагандим, аммо карамларимнинг ярмини совуқ уриб кетди, бутун қолгани ҳам сифатсиз. Ён-атрофимдаги фермерлар эккан сабзидан ҳосилдорлик кам бўлди, яъни 1 тонна сабзи кутилган жойдан 500 кг. ҳосил олишди. Қизил сабзи ҳозир Самарқандда донаси 1200-1600 сўм атрофида сотилмоқда. Катта-кичикликка қараб 7-8 дона сабзи 1 кг бўлади. Февраль ойида эккан сабзиларим 1,5-2 ойда тайёр бўлади. Эски ҳосил нархи эса 10 минг сўмга 3 кг. сотилмоқда. Ўтган йили ноябрь ойида тайёр бўлган сабзиларни фермерлар 1000 сўмдан сотган эди. Ўзи йилда икки марта сабзи нархи кўтарилади — март-апрель ва августь-сентябрь ойлари. Биз ҳам мана шундай пайтларда бозорларга етказишни жуда хоҳлаймиз, аммо ҳар доим ҳам бандасининг айтгани бўлмас экан.
Ўтган йилги билан солиштириб маълумот берадиган бўлсам, март ойида тайёр бўлган сабзини Самарқанддаги «Сиёб» бозорида улгуржи нархда 10000 минг сўмдан сотган эдим.

Фермерларнинг фикрича, улар бу йил сабзи экспорти ҳақида ўйлашгани ҳам йўқ, сабаби ички бозоримизда таклиф ўта юқори.