Бунёдбек Жалолов 33 ёшда. Асли андижонлик. Касби – шифокор. Айни пайтда Германиядаги нуфузли шифохоналардан бирида кардиолог бўлиб ишлаяпти. Биз бу йигит билан ўқиш ва ишлаш учун нега айнан Германияни танлагани, бугунги фаолияти ва келгуси режалари ҳақида суҳбатлашдик.
– Германияга бориш орзуси қачон ва қандай пайдо бўлди?
– Талабалик йилларим ўтган Андижон давлат тиббиёт институтининг хорижий тиллар кафедрасида француз, немис ва инглиз тиллари ўқитиларди. Германияда тиббиёт яхши ривожланганини аввалдан билардим. Устозларимиз эса дарслар жараёнида турли стипендия дастурлари ҳақида ҳам маълумотлар беришди. Уларнинг аксарияти Германия таълим тизимига тааллуқли эди. Шу боис, мактабда инглизчани ўрганган бўлсам-да, немис тилини алоҳида ғайрат-шижоат билан ўргана бошладим.
– Тил ўрганиш ва грант олиш жараёнларидаги машаққатлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз. Менимча, бу бошқа ёшларга мотивация бўлади.
– Бошқа тиллар сингари немис тилида ҳам даражалар бор. Улар 6 та. Стипендиялар ютиб олиш, олий ўқув юртларига ўқишга кириш учун эса камида 4-5 та даража (Б2 ва C1) керак.
Германия грантини қўлга киритиб, ўша ерда ишлаш имконияти бошқа ривожланган мамлакатлардагига нисбатан осонроқ. Масалан, ўзга давлатларда шифокор бўлиб ишлаш учун анча юқори – C1 даража талаб этилади, немис диёрида эса бунинг учун Б2 даража кифоя қилади. Бу кадрларга талаб катталиги билан боғлиқ бўлса керак. Қолаверса, Германиядаги давлат институтларида олий маълумот олиш бепул.
Талабалик давримда немис академик алмашинув хизмати томонидан бериладиган стипендияни ютиб олганман. Кейинроқ Theodor Heuss стипендияси орқали лойиҳада қатнашганман. Очиғини айтсам, немис тилида инглиз тилига нисбатан рақобат камлиги учун стипендия олишда қийналмаганман.
– Германия қатъий қонун-қоидаларга эга давлат. Аҳолиси қонунга бўйсунадиган, тартиб-интизомни севадиган халқ. Аввалбошда бундай шароитда яшашга кўникишингиз қийин кечгандир?
– Таърифингиз тўғри, бу юртда тартиб-қоида, интизом юқори даражада. Ҳамма қонунларга онгли равишда бўйсунади. Қоидабузарларга нисбатан қўлланиладиган жарималар эса катта. Агар вақтида тўланмаса, ҳар бир огоҳлантириш хатига асосан яна қўшимча ҳақ олинади.
Менинг бу тартиб-тамойилларга кўникишим қийин бўлмади. Муҳими, бу ерда ҳар бир кўча ҳар доим худди ювилгандек тоза-озода бўлади, жорий қоидаларга катта-кичик бирдек риоя қилади. Таниш-билишчилик йўқ. Ҳар қадамда чиқиндилар учун махсус идишлар учраса, қандай қилиб қўлингиздаги нарсани йўл четига улоқтирасиз? Ўзи учун яратилган шароитларни кўриб, маданиятсизлик қилгани уялади одам.
– Немисларнинг жамоат транспортида юриш маданияти, китобсеварлиги мени доимо ўзига ром этган. Бу халқнинг ҳавас қилса ва ўрнак олса арзигулик яна қандай фазилатлари бор?
– Жамоат транспортида катталарга жой бериш деган талаб деярли йўқ. Ҳавас қиладиган жиҳати – йўловчилар ўзлари билиб-билиб чипта олишади. Балки эшитган чиқарсиз, илгарилари оддий автобусда кетаётиб, чипта олмаган йўловчини бекатда тушириб, халқнинг кўз ўнгида отиб ташлашгача боришган экан. Натижада ҳозирги авлод назоратчи бўлмаган тақдирда ҳам чипта олишни канда қилмайди. Чунки бу одат онг остига сингдирилган.
Хусусий автомобилида ҳаракатланаётган немислар арзимаган тирбандлик учун сигнал чалишмайди. Акс ҳолда, бу ҳолат баъзан ҳақоратлашга тенглаштирилади. Ҳар қандай тиқилинчда ҳам тиббий ёрдам, ёнғин ўчириш ва бошқа тезкор хизмат кўрсатиш машиналарига йўл берилади.
Германияда ҳам ҳар бир университет ва шаҳарнинг биздагидек йирик кутубхоналари бор. Фарқи шуки, улар ҳар доим одам билан гавжум бўлади. Мен Бременда яшаган пайтим кутубхонага кўп кирардим. Ёш болали аёллар фарзандлари билан алоҳида ажратилган хоналарда китоб ўқишарди. Мутолаа қилиб чарчаганлар учун бироз мизғиб олишга мўлжалланган хоналар ҳам бор эди. Қисқаси, немислар жуда китобсевар халқ.
– Бу мамлакатдаги таълим тизими ҳақида нималар дея оласиз?
– Унинг ўзига хосликлари бор. Мактаб, лицейни тугатиб, ўрта маълумотли бўлганингиз ҳақидаги шаҳодатномани олсангиз, ундаги баҳоларга қараб, қайси ўқишга кира олишингиз ҳал бўлади. Масалан, баҳоларингиз 3-4 бўлса, тиббиёт олий ўқув юртига ўқишга кириш имкониятингиз ўта паст ёки бутунлай йўқ ҳисобланади. Боя айтганимдек, давлат олий ўқув юртларида бакалавриат босқичида ўқиш бепул. Бизда эса, тиббий соҳа бўйича ихтисосликка эга бўлиш учун магистратура ёки ординатурада ўқийсиз. Талабаларнинг катта қисми контракт пули тўлайди. Германияда мутахассислик олиш учун ўқиш ўртача 5 йил давом этади. Контракт пули тўламайсиз, аксинча, ўқиш жараёнида битта ўртача рўзғорни тебратишга етадиган миқдорда ойлик оласиз.
– Ватандошларимиз асосан қайси соҳаларда меҳнат қилишади?
– Германияга немис тилини пухта ўрганмасдан келиб бўлмайди. Бу ердаги ўзбекларнинг аксарияти олий маълумотли ва ўз соҳалари бўйича фаолият юритишади. Масалан, биргина тиббиёт йўналишида 200 нафарга яқин миллатдошимиз меҳнат қилади. Мен 7 нафар ўзбек врачи билан бирга Бавариядаги битта шифохонада ишлайман. Навбатчилик қилган кунимиз шифохонанинг тез ёрдам кўрсатиш бўлими қабулхонасида фақат ўзбек шифокорлари қолишади. Гоҳида она тилимизда гаплашганимиз боис Германияда эканлигимиз ёдимиздан кўтарилади.
– Бу мамлакатда инглиз тилини яхши билган киши немис тилини билмаса ҳам ишлаши мумкинми?
– Германияда немис тилини билмасангиз, бошқа тилларни билганингиз ўз аҳамиятини йўқотади. Туб аҳоли билан немис тилида мулоқотда бўлишингиз зарур. Инглизча гапирсангиз, сизни тушунса ҳам, аксарияти ўз она тилида жавоб қайтаради. Баъзи касбларда, масалан, ахборот технологиялари билан боғлиқ касбларда инглиз тили етарли бўлиши мумкин. Бироқ мижозлар немис бўлса, бу тилни албатта билиш талаб этилади. Шунингдек, немис тилини билмаган ҳолда шифокор лавозимида ишлашнинг иложи йўқ. Ҳатто IELTSдан 9 балл олган бўлсангиз ҳам.
– Чет элдаги фаолиятингиз қандай кечяпти? Ва яна, сир бўлмаса, айтинг-чи, у ердаги меҳнат муҳожирлари бир ойда ўртача қанча даромад топишлари мумкин?
– Бу ерга келиб, уч ой немис тили курсида ўқидим ва уч ой амалиётни ўтадим. Еттинчи ойдан бошлаб, ҳозирга қадар кардиолог-шифокорман.
Германияда ойликлар яширин маълумотлар сирасига кирмайди. Интернетда ҳар бир соҳа вакилининг ойлиги меҳнат стажига қараб, очиқ ёзиб қўйилади. Шу боис ҳеч ким бировдан унинг маоши қанчалигини сўрамайди, ҳатто турмуш ўртоғи ҳам билмайди. Энди саволингизга келсак, энг кам ойлик оладиган соҳа вакилларига соатига 12 евро тўланади.
– Германияда шифокор бўлиб ишлаш учун нималар қилиш ва қандай босқичлардан ўтиш керак?
– Аввало, қўлингизда энг камида бакалавр дипломи бўлиши лозим. Иккинчидан, немис тилини Б2 даражада билади деган тил сертификати зарур. Уни Тошкентдаги Гёте институтидан ёки вилоят филиалларидан олиш мумкин.
Кейинги босқичда Германияга келиб, FSP деган, шифохона шароитида немисча гаплаша олишингизни кўрсатиб берадиган имтиҳон топшириб, икки йил шифокорлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритишингиз даркор. Шу вақт оралиғида ҳам ишлаб, ҳам малакангизни ошириб, Kenntnissprüfung деган имтиҳонга тайёрланасиз. Бунда фақат тиббий билимингиз текширилади. Имтиҳонни университет клиникаси профессорлари оладилар. Синовдан ўтсангиз, Германияда approbationга эга бўласиз. Сўнгра мутахассислик олиш учун Weiterbildung бошланади. У 60 ой давом этади. Кейин Facharztни имтиҳони бўлади. Уни муваффақиятли топширсангиз, сизга немис мутахассислиги берилади.
Мен умумий йўлни қисқартириб айтдим. У бироз мушкул туюлиши мумкин. Германияга келмоқчи бўлган дўстларимизга жараённи қийин кўрсатиб, демотивация қилмоқчи эмасман. Бу жараёнлар йиллар давомида босқичма-босқич бажарилади.
– Юртимизда рўй бераётган воқеалар ва янгиликларни кузатиб бораётган бўлсангиз, сезгандирсиз, бизда баъзан “Тез ёрдам” ходимларини калтаклашдан тоймайдиганлар ҳам топилади. Хўш, сиз ҳозир фаолият юритаётган мамлакатда шифокорларга муносабат қандай?
– Агар бу ерда сиз тилга олган нохуш ҳолат кузатилса, шифокорларни ҳимоя қиладиган ташкилотлар қараб турмайди. Инсонлари агрессив эмас, қонунга бўйсуниб яшайди.
Мен Ўзбекистон “Тез ёрдам” тизимида ҳам ишлаганман. Кунига 600 га яқин чақирув бўлса, 200-250 таси шошилинч ёрдам кўрсатиш шарт бўлмаган вазиятларга тўғри келарди. Чақирувга кетаётган шифокор беморга шошилинч ёрдам кўрсатиш ҳақида ўйлаб боради. Айрим кишиларнинг эса ажабтовур қилиқлари борки, ҳатто боласини ухлатолмаса ёки боши оғриса ҳам, туғуруқхонага режа билан бормаса ҳам, “Тез ёрдам”га мурожаат қилишади. Аслида, уни ўта оғир, ўрта оғир ва оғир ҳолатларда чақириш жоиз. “Тез ёрдам” машинасининг битта чақирув бўйича бориб келиши учун давлатнинг анчагина маблағи сарфланади. Демак, шунчаки бош оғригани учун ҳам “Тез ёрдам”ни чақириш исрофгарчиликдан ўзга нарса эмас.
Германиядаги мен ишлайдиган шифохонага “Тез ёрдам” машинасида олиб келинган беморларни қабулхонада қабул қиламиз. Олдин қон таҳлиллари олиниб, ЭКГ қилинади. Бемор гоҳида 5-6 соатлаб шу хонада қолади. Ҳар бир жараён босқичма-босқич амалга оширилгунча, сабр билан кутади. Ортиқча гап-сўз, шифокорни ҳақоратлаш ҳолатлари умуман кузатилмайди.
Феруза РАҲИМОВА
суҳбатлашди



