“Бир ўқитувчига 11,9 нафар ўқувчи” – таълим сифатига нималар таъсир ўтказаётгани айтилди

52

Ўзбекистонда 2021-2022 ўқув йилида ўқитувчилар сони 520 минг нафардан ортиқни, ўқувчилар сони эса 6,3 миллионни ташкил этган. Яъни, ҳар бир ўқитувчига 11,9 нафар ўқувчи тўғри келган. Бу ҳақда  Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) маълум қилди.

Қайд этилишича, бу борадаги кўрсаткичлар АҚШда – 14, Канадада – 19, Хитойда – 15, Россияда – 17, Германия ва Францияда – 13 нафар бўлган.

«Дарс соатлари ва синфларда ўқувчиларнинг кўплиги таълим сифати пасайишига олиб келади», – дейишади институт мутахассислари.

Ўзбекистон ўқитувчилари учун белгиланган дарс соатлари эса бошқа мамлакатлардагидан жиддий фарқ қилмайди. Аммо биздаги ўқитиш кунлари, Швейцарияни истисно қилганда, бошқа давлатлардагига нисбатан анча кўп, Польша, Эстония, Россиядагидан бирмунча кам.

Таълим сифатига синфлардаги ўқувчилар сони ҳам таъсир қилади. Ҳозир юртимиздаги умумтаълим мактабларидаги синфларда ўқувчилар 35 нафардан кўп бўлмаслиги, яъни дарс берувчи ҳар бир ўқитувчига 35 нафардан зиёд ўқувчи тўғри келмаслиги керак.

“Афсуски, шаҳар мактабларидаги дарсларда меъёрдан ошиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда, баъзи мактабларда бир синфдаги ўқувчилар сони 40-42 нафарни ташкил этади (бу тенденция асосан йирик шаҳарларга хос). Сабаби, давлат умумтаълим мактаблари сиғими кам. 2021-2022 ўқув йилида бу борадаги кўрсаткич 5111,1 минг ўринни, ўқувчилар сони эса 6304,6 минг нафарни ташкил этган”, – дейилади институт ахборотида.

Таъкидланишича, 2021-2022 ўқув йилида республикамизда 290 та мактаб ўқувчиларни қабул қилишга тайёр  бўлмаган.

Мамлакатимиз синфларда ўқувчилар сони бўйича Австрия (18 нафар) бошлаб берган рўйхатнинг 25-ўрнида (35 нафар) қайд этилган.

ПМТИ мутахассислари фикрича, синфларда ўқувчилар сонининг кўплиги ўқитувчиларга дарсларни сифатли ва самарали ўтказиш имконини бермайди.

Институт тадқиқотчилари юқоридагиларни инобатга олиб, ўқувчиларнинг ўқув юкини камайтириш мактабларда ўқитувчилар таркибини тўғри тақсимлаш имконини беришини, шунингдек, дарсларни қисқартириш шарти билан мактабларда ўқитувчилар етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш мумкинлигини таъкидлайдилар.