Яқинда ўз жонига қасд қилган ўсмирнинг хабари сайт рейтингида энг юқори натижа кўрсатганини кўриб қўрқдим.
Бундан бир неча йиллар олдин қўпол ва зўравонликни тарғиб қиладиган сарлавҳалар асосан «Сариқ матбуот» дея таърифланадиган хусусий газеталарда кўп учрарди. Бугун эса айрим расмий ташкилотларнинг сайтида ҳам одамни сескантирадиган сарлавҳаларга кўзимиз тушмоқда. Сенсацион ва агрессив ҳолатни ифодалайдиган хабарлар сайтда рейтинги юқори тургани бизни янада сергаклантириши лозим.
Хорижда кўп йиллардан бери тадқиқотчилар томонидан жиноятни, суицидни тарғиб қилишга сабабчи бўлиб қолаётган хабарларнинг жамиятга кўрсатадиган таъсири борасида илмий ишлар олиб борилмоқда. Мутахассислар берган хулосага кўра, оммага «сиздирилган» шафқатсизлик, жисмоний зўравонлик каби хабарлар инсонларда умидсизлик ва бора-бора лоқайдлик ҳиссини уйғотиши мумкин. Яна айрим инсонларда бу акс таъсир қилиши мумкин, яъни зўравонлик жиноятидан қўрқишнинг ҳаддан ташқари юқорилиги кузатилишига сабаб бўлади.
ОАВда жиноятлар хроникаси, услуби деярли барча сайтларда кенг ёритилмоқда. Қотилликларни ёнгинамиз-да содир бўлгандек қабул қиляпмиз, асаблар зўриқмоқда. Фарзандларимиз хавфсизлигидан хавфсираб яшаш кўникмасига эга бўлдик. Жамоат онгини криминаллаштиришга ўз «ҳиссамиз»ни қуйидаги сарлавҳалар билан мустаҳкамлаб боряпмиз:
- Фарғонада қайнота келинининг бошини узиб олди ва дарахтга осиб кетди
- Тошкентда онасини ўлдириб, ертўлага кўмиб юборган ўғилга ҳукм ўқилди
- Йигитларни жинсий алоқага таклиф қилиб, яланғоч ҳолда видеога олган гуруҳ ушланди
- Фарғонада бир аёл уч кишини пичоқлади
- Жиззахда эр рашк сабаб аёлини пичоқлади
- Бухорода эр жанжал сабаб хотинини пичоқлади
- Бухорода йигит онасини пичоқлаб ўлдирди
- Қашқадарёда хотинини рашк қилган эр уни арралаб ўлдирди
- Тошкентда эр хотинини бўғиб ўлдирди
- Тошкентда эркак 4 нафар оила аъзосини пичоқлади
- Қайнука ҳомиладор келинойисини ваҳшийларча ўлдирди, аммо қамалмади
- Самарқандда ота 6 ёшли фарзандини бўғиб ўлдирди
- Бухорода эркак 73 ёшли онасини бўғиб ўлдирди
- Алимент низоси сабабли эркак собиқ хотинини бўғиб ўлдирди
Афсуски, бундай хабарларнинг адоғи кўринмайди. Тарихдан, тажрибадан маълумки, криминал ишланган фильмларга тақлид қилган инсонлар катта жиноятларга қўл урган. Тергов жараёнида эса «Биз бу жиноятга фалон фильмдан илҳомланиб қўл урган эдик» қабилида интервью беришган. Шуниси аниқки, ҳозирги вазият алоҳида хавф туғдиради. Сабаби, бугун ўсмирларнинг телефон ишлатиши ҳеч кимга янгилик эмас. Ўсмирлар ва ёшлар оммавий ахборот воситалари томонидан қўйилган «идеаллар» ва «моделлар»ни осонгина ўзлаштириши мумкин. Чунки бу ёшда уларда тақлид қилишга мойиллик кучли бўлади.
Хорижда яшаётган дугонам билан «телеграм»да ёзишиб турамиз. Икки кун олдин гаплашгандим. «Хабаринг бор, Ўзбекистондаги воқеалардан хабардор бўлиб турардик. Охирги пайтлардаги янгиликлардан руҳан чарчадим. Ҳатто иш пайтида ҳам сайтлардаги янгиликни муҳокама қиладиган, асабийлашадиган аҳволга тушиб қолдим. Бунинг сабаби шу бўлса керак, деб барча сайтлардан «follow»ни бекор қилиб чиқдим. Ишонасанми, ўшандан бери анча хотиржамман» деди у.
Саламат Туремуратов,
«Адолат» миллий ҳуқуқий ахборот маркази бош маслаҳатчиси:
– Шу ўринда жиноят ва ҳуқуқбузарликка оид хабарларни ёритишда журналистлар бир нечта хатоларга йўл қўяётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Дейлик, қаердадир қотиллик рўй берди. Воқеа жойи ўрганилди, гумонланувчи қўлга олинди. У фақат гумонланувчи ва ҳатто жиноятчи бўлган тақдирда ҳам уни ҳали қотил деб аташга эрта. Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ, айбсизлик презумпциясига кўра, гумонланувчи унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунга ва суднинг ҳукми қонуний кучга кирмагунга қадар, айбсиз ҳисобланади. Журналистлар хабарни кенг оммага тарқатаётган вақтда исмларининг бош ҳарфидан олиб, А.Б. шаклида ёзади. Гумонланувчининг қайси кўчада, нечинчи уйда яшаши ҳақидаги маълумотлар ҳам ошкора берилмоқда. Қўни-қўшни, қариндош-уруғ гумонланувчининг исмини бош ҳарфларидан билиб олади. Судланувчи кейинчалик айби исботланган тақдирда ҳам айбсизлик презумпцияси вақтли бузилгани ортидан ҳам шикоят қилиш ҳуқуқига эга. Маълумотларни сайтда тезкор берган яхши, аммо айбсизлик презумпциясига амал қилингани янада яхши.
Ситора Алихонзода,
журналист (айни вақтда Туркияда истиқомат қилади)
– Ҳақиқатан ҳам, ижтимоий тармоқларни негатив-агрессив характердаги сарлавҳалар ва хабарлар босиб кетди. Тўғри, ахборот асрида яшаяпмиз, аммо бу дегани ҳаёт фақат негативлардан иборат дегани эмас-ку! Сарлавҳалар – агрессив бўёқлар билан бойитилган ҳолда ўқувчига етиб бормоқда. Руҳан кучли бўлмаган инсонларга бу албатта таъсир қилмасдан қолмайди. Аниқ айтишим мумкин, янгиликни ёритишда бу ёндашувни қўллашнинг албатта салбий оқибатлари бор. Инсонларда кўникма ҳосил бўлади, қотилликлар ҳақидаги хабарларга ҳиссизлик бошланади. Оддий, бўлиши кутилган ҳолатдек қабул қилинишининг ўзи қўрқинчли. Хоразмда етим қизларнинг зўрланиши воқеаси оммага қанчалик таъсир қилди. Шов-шув кўтарилди, аммо ундан кейин водийда ҳам бу ҳол кузатилган эди деган хабар бунчалик натижа кўрсатмади. Демак, даражаси бир хил бўлган жиноятга икки хил муносабат кузатилди. Кейинги воқеа оддий хабардек қабул қилинди. Ахборот – катта куч. Ундан яхши мақсадларда фойдаланмоқ зарур. Бир нарсани тушуниб етдим, энди хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, шаклланиб бўлган бу муҳитни ўзгартира олмаймиз. Ўзбекистондаги ҳолат Туркияда ҳам кузатилмоқда. Янгиликларнинг асосий қисми совуқ хабарлар.
Оммавий ахборот воситаларида ахлоқсиз хатти-ҳаракатлар, зўравонликни яширинча тарғиб қилувчи материаллар кенг тарқалаётгани ҳаммани сергаклантириши лозим. Бугун ҳар қандай сарлавҳани ўйламай чиқарсак, натижаси бизни узоқ куттирмайди.
Матбуотда шундай гап бор: сарлавҳа – ярим мақола. Шундай экан, унда салбий бўёқни ошириб юбормасликка интилайлик. Бизнинг биргина хабаримизни миллионлаб турли тақдир ва кайфиятдаги инсонлар ўқишини, ҳаммага ҳар хил таъсир кўрсатишини унутмайлик.
Феруза Раҳимова,
ishonch.uz
