Яна носоз йўллар ҳақида: одамга барибир алам қилади…

140

Шаҳри азим Тошкентдан водий сари отландик. Аввалбошда машинамиз бир маромда ҳаракатланаётган эди. Бироқ Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари оралиғидаги Азим ота ва Увак қишлоқлари ҳудудидан ўтган катта автомагистраль йўлдан бораётганимизда ўйдим-чуқурларга тушиб, роса безор бўлдик.

Ҳеч кимга сир эмас, бундай ноқулайликдан энсаси қотган ҳайдовчилар паст тезликда юришга мажбур бўладилар. Акс ҳолда, машиналари ғилдиракларининг дисклари букилиб, йўл-йўлакай баллон алмаштирадилар.

Ҳолбуки, бу йўл мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларини Қамчиқ довони орқали водий вилоятлари ва қўшни Қирғизистон билан боғловчи ягона кўприк ҳисобланади. Ундан ҳар кеча-кундузда бир неча мингта машина ўтади. Демак, ўнқир-чўнқирлардан ҳам кўплаб автомобиллар зарар кўради, ҳам сон-саноқсиз йўловчилар озор чекишади.

Ачинарлиси, хусусий автомобиллар эгалари ёнилғи харид қилиш жараёнида акциз солиғини тўлашади. Шундай бўлгач, талабга жавоб бермайдиган носоз йўллардан юриш уларга алам қилиши  табиий.

Яқинда журналист Шарофиддин Тўлагановнинг ижтимоий тармоқдаги фикрларини ўқиб, биздан бошқалар ҳам йўлларнинг аҳволи абгорлигидан  озор чекишаётганини билиб олдим. Ҳамкасбимиз шундай деб ёзади:

«Яқинда Ғишткўприк ва Оққўрғонга бориб келдим. Йўллар дабдала.

Таклифим: йўллар таъмирланмасин. Нега дейсизми?

  1. Асфальт ва асфальтга сарфланадиган маблағ тежалади.
  2. Йўллар «яма»ларга тўлиб кетгани боис ҳайдовчилар тезликни соатига 40 километрдан оширмайдилар.
  3. Ҳайдовчилар тезликни оширмагани боис «50» ва «60» деган йўл белгиларини ўрнатишга ҳожат қолмайди. Демак, йўл белгиларига сарфланадиган маблағ ҳам тежалади.
  4. Янги иш ўринлари яратилади. Яъни, машиналарни таъмирлайдиган янги устахоналар пайдо бўлади. Уларда янги усталар ишлайди.
  5. Йўлларнинг абгорлигига ўрганиб қолган одамлар ҳеч нарсага қизиқмайдилар, шунингдек, сиёсат (дейлик, Чарльз Учинчининг тож кийиши, 2024 йили АҚШда бўлиб ўтадиган сайловлар, Шотландияда ўтиши эхтимоли бўлган референдум) билан иши бўлмайди.
  6. Ҳайдовчилар (йўловчилар ҳам) кимларнидир сўкиб, хуморидан чиқишади. Стресс йўқолади».

Ана шунақа гаплар. Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам тушкунликка  тушмайдиган некбин халқмиз… А, лаббай, нимадир дедингизми? Ёки Автомобиль йўллари қўмитаси мутасаддилари инсофга келиб, тайинли жавоб беришармикин?

Анваржон Ҳалимов
ishonch.uz