Ҳолатнинг олдини олиш учун нима қилиш керак?
Юртимизда қулупнай мавсуми. Бу мевани каттаю кичик яхши кўради. Шу боис, тўйиб еб қолиш пайидамиз. Аммо, ҳар яхшининг бир ёмони бор. Хабарларга кўра, ушбу кунларда қулупнайдан зарарланиб, шифокорга мурожаат қилаётган беморлар, айниқса болалар кўпайган. Ҳолатнинг олдини олиш учун нималар қилиш керак? Қулупнайни болаларга қачон ва қанча миқдорда бериш кераклиги ҳақида педиатр ШаҳзодаАнорбоева билан суҳбатлашдик.
— Резавор меваларнинг болаларга қандай фойдалари бор?
— Боланинг рационида мавсумий резаворлар бўлиши керак. Ўсиб бораётган организм учун қулупнай таркибидаги фойдали элементлар иммунитетни ошириш билан бирга соғлом ўсиши учун ҳам ёрдам беради. Қулупнай таркбидаги А ва C витаминлари, фолий кислотаси, темир ва кальций организм учун энг керакли моддалар ҳисобланади. Агар сиз болангизга овқатдан олдин бир нечта резавор мева берсангиз ёки табиий қулупнай шарбатини ичирсангиз, унинг иштаҳаси очилади. Қулупнай суви чанқоқни мукаммал даражада қондиради. Иссиқ кунларда энг яхши ичимликлардан бири ҳисобланади. Қулупнай таркибидаги табиий шакар бола учун энергия манбаига айланади.
Катталарда эса мевалардан олинган цинк нафақат терининг, балки тирноқ ва сочларнинг ҳолатини, соғломлигини яхшилайди. Мевани мунтазам истеъмол қилиш тери касалликларини (экзема ва дерматитнинг баъзи шакллари) даволашга ёрдам беради.
Умуман, қиш-баҳор фасли юзага келган витамин тақчиллигини бартараф қилишда резаворлар кўмаги катта.
Қулупнайнинг соғлиқ учун қатор фойдали жиҳатларига қарамай, уни боланинг рационига эҳтиёткорлик билан киритиш зарур. Боиси, қулупнай энг кучли озиқ-овқат аллергенларидан биридир. Бу мева эмизикли оналарга тавсия этилмайди.
— Болага қачондан бошлаб қулупнай бериш мумкин?
— Болани қулупнай билан таништириш алоҳида тайёргарликни талаб қилади. Агар болада илгари аллергик реакциялар кузатилмаган бўлса, 1,5 ёшдан бошлаб секин-секин кам миқдорда бериш мумкин. Қулупнайни қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар ҳам бор. Бола гистаминга сезгир бўлса, беришни тўхтатиш ёки умуман бермаслик керак. Агар илк истеъмолдан кейин болада ёноқларнинг қизариши, лаб ва кўз атрофида шишиш, диарея, нафас қисилиши, аллергик йўтал ва қичишишлар бўлса, шифокорга мурожаат қилиш зарур. Ошқозон ичагида муаммоси бор болаларга ҳам қулупнай бериб бўлмайди.
Меваларга аллергия асосий ва иккиламчи бўлиши мумкин. Бирламчи кўринишлар илк истеъмолдан сўнг дарҳол пайдо бўлади. Иккинчиси эса меъёридан ортиқ тановул қилинганда юзага келади. Аллергик реакциялар юзага келганда ҳатто тана ҳароратининг ошиши ва анафилактик шокни келтириб чиқариши мумкин. Бу жиддий оқибатларга олиб келади. Агар болангизда аллергияга ўхшаш ўзгаришни сезсангиз, дарҳол антигистамин беринг ва шифокорни чақиринг.
Болага биринчи мартта қулупнай беришнинг энг хафсиз усули бу – қулупнай сувини тайёрлашдир. Бунинг учун тозаланган резаворларнинг (4-5 дона) устидан қайноқ сув қўйиб, 2 соат тиндиришга қўйиш зарур. Тайёр бўлган ичимликни илиқ ҳолатда бир-икки қултумдан ичириш зарур. Кун давомида аллергик намойишлар бўлмаса, кейинги кун миқдорини кўпайтириш мумкин. Қулупнайни яхшилаб ювгандан кейингина болага бериш керак. Яхши ювилмаган мева ичак инфекцияларининг ривожланишига олиб келади. Жуда кўп болалар айнан қулупнай яхши ювилмаганлиги ортидан зарарланади ва шифокор кўмагига муҳтож бўлиб қолади.
2 ёшли соғлом болалар мавсум давомида ҳар куни 50 г янги резавор меваларни истеъмол қилишлари мумкин. Қулупнайнинг эрта навлари жуда тез айниб қолишини ҳам унутмаслик керак. Айрим ишлаб чиқарувчилар қулупнайларни тез ҳосилга кириши учун уларни кимёвий ўғитлар билан озиқлантиради. Муддатидан олдинроқ тайёр бўлган мева ва сабзавотларнинг таркибида зарарли нетратлар мавжуд, витаминлар эса жуда оз бўлади.
Феруза Раҳимова суҳбатлашди.



