Бугун ўзбек болаларининг идеаллари ким? Улар кимларни қаҳрамон сифатида кўряпти? Кимларга эргашмоқда?
Шу саволлар билан мактаб ўқувчиларига мурожаат қилганимизда қиз болаларнинг аксарияти таниқли хонандалар, тик-токчиларга, ўғил болалар эса футболичилар ҳамда фонтастик фильм қаҳрамонларига ҳавас қилишларини айтишди. Баъзилари эса ота-оналарини ўз идеаллари сифатида кўришади.
Психологларнинг фикрига кўра, болаларнинг кумерларига қараб, келажакда ким бўлиши ва қандай ишларни амалга ошира олишини билиб олиш мумкин экан.
Маълумотларга кўра, Американинг буюк давлат бўлишида учта нарса муҳим омил ҳисобланар экан: мулк (материал ва интеллектуал) ҳуқуқининг қаттиқ ҳимояланганлиги, бизнесга кенг йўл очилиши ва болалар учун қаҳрамон ярата олиши…
Ҳақиқатан ҳам Америка, умуман, хориж фильмлари, мультфильмларини томоша қилсангиз қаҳрамонлар умуман уддалаши қийин бўлган ишларни бажаришади. Супермен, ўргимчак одам, бэтменлар болаларнинг севимли образларига айланган: улардек кийинишни, оламшумул ишлар қилишни, ҳаммани қойил қолдиришни исташади.
Мазкур фильмлар орқали болаларга уддалаб бўлмайдиган иш йўқлиги, ҳаммаси ўз қўлида экани, фақат ўзи хоҳласа, ҳаракат қилса, атрофдаги барча унга ёрдамчи бўла олиши сингдирилади. Бу образлар болаларни довюрак, қатъиятли, интилувчан бўлишга ундайди.
Ўзимизда-чи, қайси миллий фильмларни мана шундай ғояларга йўғрилган, деб айта оламиз? Қайси миллий қаҳрамонларимиз болалар учун мўлжалланган киноларда намоён бўляпти? Телеканаларимизда намойиш этилаётган қайси фильм қаҳрамонларини болаларимизга ўрнак қилиб кўрсата оламиз?
Биринчидан, кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган фильмларимиз жуда кам. Бўлса ҳам оммалашиб кетганича йўқ ёки улардаги образларни қаҳрамон сифатида кўриш мушкул. Бир сўз билан айтганда, келажак авлодларимиз хориж фильмларининг “супермен”ларига эргашиб улғайишмоқда.
Масаланинг яна бир жиҳати борки, бугун телеканаллардан тортиб, интернет тармоқларининг барчасини қўшиқчилар, артистлар, тик-токчилар эгаллаб олган. Мактаб болалари, ўсмирлар, умуман, ёш авлод вакилларининг аксарияти уларнинг ҳаёти, кийиниши, қаерга борганию қандай овқатланаётгани билан қизиқади. Мухтасар айтганда, айнан шулар эндигина ҳаётни англашни бошлаган мурғак гўдакларнинг кумирига айланиб қолишяпти. Буни саволларимизга менинг қаҳрамоним – Муниса Ризаева, деган жавобларни олганимиздан ҳам билиш мумкин. Тўғри, қайсидир санъаткор ҳавас қилишга арзиши мумкин. Лекин айримларининг ҳаммага кўз-кўзлаётган ҳаёти, бемаъни рақсларию енгил-елпи қилиқлари болаларимизга нима беради? Ёшлар эзгу ишлар қилаётган, ихтиролар яратаётганларни эмас, ҳашаматли уй-жой, машинаси, турфа либослари билан мақтанаётган блогерлар, тик-токерларни кузатишяпти, уларга ўхшашга ҳаракат қиляпти. Кўпчилик ота-оналар ўсмир фарзандларининг либосларга ўч бўлиб бораётганидан норози бўлишяпти. Буларнинг барчаси ижтимоий тармоқлардаги ана шу «қаҳрамон»ларнинг шарофати…
Бундай қаҳрамонларга эга бўлган авлод ким бўлиб вояга етади, катта бўлса нималар қилади? Оддий маиший масалаларга ўралашиб, енгил-елпи ҳаёт кечиришни истаб қолмайдими?
Шу ўринда аждодларимиз, замонамизнинг буюк олимлари, спортчилар, тиббиёт ходимлари, бугуннинг идеал шахслари ҳаётини акс эттирадиган миллий фильмларни ёш томошабинларга хос услубда, сюжетларда тақдим этиш, уларнинг ҳаёти ва амалларини ижтимоий тармоқларда қизиқарли, ёшларбоп тарзда кўпроқ акс эттириш мақсадга мувофиқ бўлади.
Хуллас, болаларимизнинг қаҳрамонларига эътиборли бўлайлик!
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
ishonch.uz



