Мантиқсиз, жимжимадор, баландпарвоз: Қўрғонтепада 1762 та кўчага ном беришда қадрият унутилди

116

Андижон вилоят Қўрғонтепа туман кенгаши депутатлари ҳудуддаги 2097 та кўчанинг шу чоққача номсиз бўлган 1762 тасига ном бериш тўғрисидаги маҳаллий кенгаш қарорни маъқуллади. Аммо рўйхатлашда ҳудуд тарихи, маҳаллий урф-одат ва қадриятлар, географик объектга хос хусусиятлардан келиб чиқилмаган.

Энг қизиғи кўчаларни номлашда “Географик объектларнинг номлари тўғрисида”ги қонун талаби ва кенг жамоатчилик фикри унутилган. Афтидан депутатлар вилоят ва туман комиссиялари томонидан тақдим этилган номлаш рўйхатини тасдиқлаб берган кўринади. Йўқса Афсона, Бўстон, Виқор, Жилва, Зийнат, Зиёнур, Мунаввар, Нурли, Нурли тонг, Нурли замин, Саодат, Садо, Сафо, Серқуёш, Шифо, Ифтихор, Камалак, Шарафшон, Шарқона, Шаршара, Шодлик каби пурвиқор номлар танланармиди.

Географик объектларни инсонларнинг ёки муайян жисмнинг бирор-бир сифати ёки белгисини ифодалайдиган сўзлар билангина чала-ярим ҳолда аташ наинки тилшунослик қоидалари, балки мантиққа ҳам зид. Аммо тегишли комиссия аъзолари орасида тилшунослар йўқ чоғи, ўнлаб кўчаларни Гўзал, Узун, Сокин, Порлоқ, Инсонпарвар, Хушмуомала, Навқирон, Улуғвор каби сифат сўзлар билан тўмтоқ ҳолда атармиди.

Юқорида қайд этилганидек, 1762 та кўча номланган бўлса-да, аслида нари борса 250-300 та сўз ёки жумла ишлатилган. Яъниким аксарият битта кўча ўрамидаги 3 тадан 10 тагача тор ёки берк кўчаларга биргина ном берилган: Ифтихор-1, Ифтихор-2, Ифтихор-3 каби. Шунда ҳам ваколатли масъуллар ўзларининг сўз бойлиги нақадар ғариблиги ва ҳудуднинг ўзига хос тарихидан бехабарлигини кўрсатиб қўйишганки, ўнга яқин кўчаларни кетма-кетликда Бойсун, Шеробод, Чироқчи, Давлатобод, Бешариқ, Олтиариқ, Янгиариқ каби мамлакатимизнинг турли нуқталаридаги туманлар, пойтахтимиздаги Себзор, Чилонзор, Чиғатой, Чорсу, Қорақамиш сингари туман ва даҳалар, қолмишига Насаф, Суғдиёна каби футбол жамоалари номлари билан атаб қўя қолишмасди.

Қўрғонтепа тумани ташкил этилганига яқинда юз йил бўлади. Ҳар бир ҳудуднинг ўзига яраша тарихи, қадриятлари, одамларининг турмуш тарзи, касби-кори бўлгани каби мазкур туманда ҳам ном сифатида танлашга арзигулик жиҳатлар кўп. Бунинг учун кенг жамоатчилик, хусусан, зиёлилар ва оқсақоллар билан маслаҳатлашиш фойдадан ҳоли бўлмасмиди?

Мавзуни ўрганиш жараёнида ихтиёримизга икки ҳужжат келиб тушди. Жумладан, ўтган йилнинг сентябрь ойида хусусий молия муассасаларидан бирининг раҳбарияти Қўрғонтепа тумани ҳокимига расмий мурожаат йўллаб, мамлакатга донғи кетган “Оқ сув” фермер хўжалиги раҳбари, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳиби Алижон Аҳмедов хотирасини абадийлаштириш таклифини билдиради ҳамда ҳокимдан ушбу масалани халқ депутатлари туман кенгаши ва дахлдор идоралар муҳокамасига киритишини сўрайди. Мурожаатда молия муассасаси ушбу масалага оид харажатларга ҳомийлик қилишга тайёрлиги ҳам баён этилади.

Ҳоким эса бу масалага қонунчилик йўл бермаслигини таъкидлаб, таклифни рад этган ҳамда Алижон Аҳмедов хотирасини доимий эсда сақлаб туриш учун тумандаги ташкилотлар, маҳаллалар, таълим муассасалари, фермер хўжаликлари ўртасида спорт мусобақалари, интеллектуал ўйинлар ўтказишни тавсия қилган.

Яна бир жиҳат. Қўрғонтепа фарзанди тарих фанлари доктори, академик, Беруний номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати, “Амир Темур”, “Буюк хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган Бўрибой Аҳмедовнинг илм-фан йўлидаги хизматлари беқиёс эканлиги барчамизга маълум. Не дейсизки, бугун туманда академик номи билан аталувчи бирор-бир кўча йўқ. Ҳатто Қўрғонтепа тумани таркибидаги Қорасув шаҳрида олимнинг исми-фамилияси билан аталувчи МФЙ яқин йилларда “Юксалиш” дея қайта ном олган. Аждодларимиздан қолган “Ўлдинг – ўчдинг!” деган нақлнинг ҳаётий исботига бундан ортиқ мисол бўлмаса керак!

Назаримизда, «Географик объектларнинг номлари тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритишга зарурат бор. Яъни амалда айни қонун билан аҳоли пунктларининг таркибий қисмларига Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирган шахсларнинг исми-шарифини бериш уларнинг вафотидан кейин Вазирлар Маҳкамасининг таклифига биноан давлат раҳбарининг қарори асосида ҳамда, қоида тариқасида, номлари мавжуд бўлмаган объектларга нисбатан амалга оширилиши белгиланган. Бироқ шахснинг “Ўзбекистон ёки жаҳон тарихида чуқур из қолдирганлиги” қандай мезонлар билан ўлчанади?

Яна Қўрғонтепа мисолида айтадиган бўлсак, ҳозир туманда Ибн Сино, Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий сингари аждодларимиз номи билан аталувчи маҳаллалар бор. Бу сиймоларнинг тарихимиздаги ўрнини инкор этмаган ҳолда айтиш мумкинки, зикр этилганларнинг Қўрғонтепа туманига бирон-бир алоқаси ҳам, айнан шу ҳудудда номларини абадийлаштириш учун эҳтиёж ҳам йўқ. Аммо Қўрғонтепада кўча номлари тақдирини ҳал қилган масъуллардан жилла қурса шу юрт фарзанди бўлмиш атоқли олим номини абадийлаштириш борасида ваколатли юқори идораларга таклиф киритилмаганлиги таажжубли.

Нурилло Нўъмонов