Самарқанд туманидаги сайёҳлик маркази ҳудудида жойлашган эшкак эшиш каналида ўсмирлар ва ёшлар ўртасида байдарка ва каноеда эшкак эшиш, шунингдек, параканое бўйича Осиё чемпионати баҳслари давом этмоқда.
Дастлабки натижаларга кўра ўзбекистонлик ва эронлик спортчилар қолган рақибларидан яққол устунлик қилмоқда.
Қизғин беллашувларнинг биринчи кунида ўзбекистонлик атлетлар 6 та олтин, 1 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритишди. Бу эса мамлакатимиз спортчиларини умумжамоа ҳисобида яққол пешқадамга айлантирди. Эронликлар илк лаҳзалардан 4 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медалига эга чиқишди.
Кейинги кунги баҳсларда ўйналган барча 10 та медаллар жамғармаси Ўзбекистон ва Эрон вакиллари ўртасида тақсимланди. Ўзбекистон делегациясига учта медални параатлетлар келтирди. Хусусан, 500 метрга ўтказилган пойгаларда Ҳайтмурод Шерқўзиев олтин медал олган бўлса, Тўрабек Назарқулов кумуш медалга эга чиқди.
500 метрга аёллар ўртасида ўтказилган пойгада Шаҳноза Мирзаева иккинчи бўлди. Мусобақа бош соврини учун курашлар кескин тус олмоқда.



