Вазир ва ишчи боласи бир синфда ўқийдиган мактаблар: фин таълими ҳақида билмаганларимиз

82

Финляндия таълим тизими дунё мамлакатлари орасида энг илғори ҳисобланади. Ушбу мамлакатда классик таълимдан кўра болаларни тарбиялаш устувор вазифа деб белгиланган. Уй вазифаси ва имтиҳонлар йўқ. Чунки билим олиш жойи мактаб ҳисобланади. Улар болаларга ўйнаш, ўсиш, кимлигини тушуниш учун кўпроқ вақт керак, деб ҳисоблашади.

Ўқувчилар шунчаки кўриб, завқланиб, бошдан кечириб, қизиқиш орқали ўрганишга жалб этилади. Болалар дарахтга чиқишни хоҳлашса, дарахтга чиқишади. Шу йўл билан улар дарахтга чиқишни ўрганишади, эҳтимол, турли хил ҳашоратлар билан танишишади.

Ўқувчилар бахтни туйиб яшашлари керак
Болалар дастлабки имтиҳондан 16 ёшда ўтадилар. Бу ёшда улар учун касб танлаш эшиклари очилади. Имтиҳон болаларни солиштиради, таълимнинг асосий унсури – қизиқувчанликни ўлдиради, деб ҳисоблайдиган фин ўқитувчилари ўқувчиларни мактабга кирганларидан кейин камида 6 йилгача баҳолашмайди.
Шу билан бирга ўқувчилар ва ўқитувчилар ҳақиқий маънода дўстга айланишади. Чунки болалар ўқитувчиларни таҳдид сифатида кўришмайди. Бирга овқатланишади, нимагадир қизиқишса, ўша пайтда сўрашади, биргаликда тажриба ўтказишади ва ўрганадилар.

Ўқитувчилар қайси соҳада дарс бермасин, асосий мақсад – ўқувчиларнинг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлаш эканини таъкидлайдилар. Ҳатто математика ўқитувчилари ҳам тажриба орқали ўрганиш тарафдори.

Ҳаётга татбиқ қилинадиган таълим
Финляндияликлар таълим ҳаётга татбиқ қилиш орқали ўрганилиши ва ўқувчилар бахтли эканликларини ҳис қилишганидан сўнг билим олишга қизиқишлари ортишига ишонишади. Дунё рейтингда байроқдор бўлгач, финларнинг бу ишончини тан олмаслик мумкин эмас.

Мактаб формаси йўқ. Қолаверса, ўқувчилар мактабда ўзларини эркин ҳис қилишлари учун пойабзал ҳам кийишмайди. Мактабга қалин жун пайпоқларни олиб келишади. Бу юртда биз кўниккан классик парталар ва кичик мактаб боғларини кўришнинг иложи йўқ. Болалар бемалол ҳаракатланиши учун синфхоналар етарли даражада кенг, мебеллар билан тўлдирилмаган. Ўйинчоқлар, ўқув қуроллари, думалоқ столлар ва стуллар мавжуд.

Болалар шахс сифатида қадрланадилар. Агар бирон бола дарсларни яхши ўзлаштиролмаса, ўқитувчилар ўқув дастурини ана шу ўқувчининг индувидуал эҳтиёжига қараб тузадилар. Ҳудди шундай ёндашув зериккан ёки таълим даражаси дастурдан ортда қолаётган ўқувчилар учун ҳам амал қилади.

Мактаблар бир-бирлари билан рақобатлашмайди
Финляндияда мактабга кириш ёши – 7 ёш. Ёшидан қатъи назар, ўқувчилар мактабга велосипедда ёки пиёда борадилар. Финляндия маданияти болаларни мустақил бўлишга ундайди. Фарзандини мактабга ёки ўқишга олиб борадиган ёки дарс тайёрлатадиган ота-оналар йўқ. Мактабдан икки километрдан узоқроқ масофада яшайдиган ўқувчиларни мактаб автобуси олиб бориб, олиб қайтади. Бу ва тушлик, ўқув қуроллари ва экскурсиялар каби бошқа харажатлар давлат томонидан қопланади.
Финляндия ғарб мамлакатлари орасида энг қисқа ўқув куни ва энг қисқа ўқув йилига эга. Финлар санъат, мусиқа ва спортни юксак қадрлайдилар. Ўқувчилар ёшлигиданоқ мактабда санъатдан таълим оладилар, шеърлар мазмунини муҳокама қиладилар. Кўплаб атоқли ижодкорлар ҳаёти билан танишадилар.

Мактабларда спорт билан шуғулланиш учун кенг имкониятлар мавжуд. Аммо спорт мусобақаларини ўтказадиган жамоалар йўқ. Рақобат, ғалаба қозониш Финляндия маданиятида қадрланмайди. Мактаблар бир-бирлари билан рақобатлашмайди, аксинча, бирдамликда ҳаракат қилишади. Мактабларнинг муваффақият даражаси бир хил. Бир мактабнинг бошқа мактабдан устунлиги йўқ. Шунинг учун ўқувчилар уйларига энг яқин мактабга қатнайдилар. Бошқа жойга кўчиб ўтилса, шаҳарда энг яхши мактаб қайси, деган савол берилмайди.

Тенглик тамойили
Финляндияда хусусий мактаблар ҳам йўқ. Барча таълим харажатлари давлат томонидан қопланади. Вазирнинг боласи билан оддий ишчининг боласи бемалол битта синфда ўқийди, бир хил таълим олади.

Таълим ҳамма учун тенг имкониятларни таъминлаш демакдир. Тенглик тушунчасига фавқулодда қиймат берилган, яъни барча болалар ақл-заковати, истеъдодидан қатъи назар, бир хил синфларда ўқийдилар. Ўқувчилар мактабда кундалик юмушларга ёрдам берадилар. Мисол учун, боғда боғбон билан гулларни парвариш қилишади, ошхонада ўз овқатларини ўзлари сузиб олиб, идишларни ювиш учун тайёрлаб қўядилар. Ўқувчиларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқиши, ғоялари биринчи ўринда туради. Фанга асосланган курслар ўрнига воқеалар, тадбирлар билан фанлараро таълим берилади.

Интернет манбалари асосида тайёрланди