Баҳор фаслида кўпчиликда ошқозон ва ичаклар билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлади. Бугунги суҳбатдошимиз тиббиёт фанлари доктори, профессор Саримбек НАВРЎЗОВнинг фикрича, тўғри ва тартибли овқатланган инсонларда бундай муаммолар жуда кам учрайди.
– Домла, ичак касалликларининг келиб чиқишига нималарни сабаб қилиб кўрсатиш мумкин?
– Ичак касалликлари туғма бўлади ёки ҳаёт давомида орттирилади. Туғма касалликлар бола туғилгандаёқ билинади. Болалар шифокорлари бу касалликларни белгиларидан дарров билишади ва даволашади. 18 ёшдан кейин бу касални даволаш билан гастроэнтерологлар шуғулланади.
Ичак касалликлари деганда 90–95 фоиз йўғон ичак касалликлари тушунилади. Бу касалликларнинг пайдо бўлиши овқат чиқиндиларининг йиғилиши, ичакларда сўрилиш яхши эмаслиги, чиқиндиларни чиқариб ташлаш ва ўзига хос витаминлар ишлаб чиқариш функцияларининг бузилиши билан боғлиқ. Йўғон ичакнинг ичида маълум миқдорда сапрафид, яъни касаллик чақирмайдиган флоралар, микроблар бор. Ана шу микробларнинг бир-бирига муносабати худди тарози палласидек бўлиши керак. Агар ана шу тенглик бузилса, ичакларда дисбактериоз келиб чиқади. Ва бемор ўз вақтида даволанмаса, ўсма, колит, ярали колит ва бошқа асоратлар пайдо бўлади.
Одатда, ҳар уч ярим дақиқада ичак ҳаракатда бўлиб, у ингичка ичакдан келиб тушадиган чиқиндиларни ташқарига эвакуация қилишни таъминлаши керак. Агар шу жараён бузилса, жигар биринчи зарбага учрайди. Эллик, олтмиш ёшдан кейин жигарда ёғли гепатоз ҳосил бўлади. Бунда жигар секин-аста ўз фаолиятини йўқотиб, қаттиқлашади. Кейинчалик циррозга ҳам айланиши мумкин. Халқ орасида кўп учрайдиган қандли диабетнинг иккинчи тури кўпчиликда йўғон ичак фаолиятининг бузилиши туфайли пайдо бўлади.
– Ичак касалликларининг қайси белгилари бир-бирига ўхшайди?
– Жуда кўп белгилар бир-бирига ўхшаш бўлиб, улардаги фарқ диагностик, рентгенологик, томография, колонскопия ва морфология каби усуллар билан аниқланади. Касаллик синчковлик билан текширувлардан ўтказилса, даволаш яхши натижа беради. Агар ташхис нотўғри қўйилса, даволаш инсон организмига акс таъсир қилади.
– Фаст-фуд, яъни ярим тайёр маҳсулотлар ҳамда турли рангли ва газли ичимликларнинг соғлиққа зиёни йўқми?
– Америка аҳолисининг асосий қисми фаст-фуд ейди ва газли ичимликлар ичади. Шу сабабдан аҳолининг 60–65 фоизи семизликдан азият чекади. Яширишга ҳожат йўқ, биздаям шундай ҳолатлар бошланган. Аммо бу касаллик кўпаяди, дегани эмас. Ҳамма гап – меъёрда.
Инсон чанқаб турганда, муздек газли сув ичади. Бир умр газли, рангли сув ичганлар ҳам 80–90 ёшга киряпти. Ҳар бир инсоннинг организми турлича бўлади. Яъни ҳар бир организмнинг ўзига хос ҳимоя қобиғи, касалликка бардош берадиган хусусияти бор. Турли сабабларга кўра, организмда иммунитет пасайиб кетади. Бунинг ҳаммаси қандай овқатланиш билан бевосита боғлиқ.
– Касалликлар ёшаряптими?
– Минг афсуски, ҳа. Охирги йигирма йилда ўсмаларнинг ёшариши кузатилди. Айнан меъда, жигар, йўғон ичак ўсмалари ёшарган. 25–30 ёшли инсонларда ҳам шу касалликлар кузатиляпти. Ярали колит деган касаллик ҳам асосан 20–35 ёшли кишиларда учраяпти. Бу касаликнинг асорати ёмон, ҳатто ногиронликка олиб келиши мумкин.
– Ярали колитнинг белгилари қанақа?
– Беморда ич келиши бир кунда беш-ўн марта кузатилади. Баъзи беморларда 20–30 марта ич келиши мумкин. Бу ҳолатда ичакларда сўрилиш жараёни бутунлай тўхтайди. Диарея синдроми, деб аталадиган бу касалликда тана ҳароратининг кўтарилиши, қон келиши ва камқонлик асосий белгилардир.
Крон касаллиги билан ярали колитнинг ўртасида катта фарқ бор, аммо клиникаси бир хил. Крон касаллигида бўғинлар оғрийди, кўз қизаради. Организмнинг бошқа органларида ҳам ўзгаришлар юз беради.
– Онкологик касалликлар биринчи босқичда аниқланса, натижа қандай бўлади? Мабодо, тўртинчи босқичда аниқланса-чи?
– Ривожланган давлатларга нисбатан бизда касалликни эрта аниқлаш кўрсаткичи жуда паст. 70–75 фоиз беморлар ўсма 3- ёки 4- босқичга ўтгачгина мутахассисга мурожаат қилишяпти. Ваҳоланки, ўсма касалликлари биринчи, ҳеч бўлмаса, иккинчи босқичда аниқланса, 100 фоиз тузалиб кетади. Ўзбекистонда бир йилда ўртача 22 мингдан ортиқ бемор бирламчи босқичдаги ўсма билан касалланади. Афсуски, уларнинг кўпчилиги кеч мурожаат қилиб, даволаш самарасини камайтириб юборишади. Шунинг учун бу мавзуни газета-журнал, телевидение ва радиода кенг тарғиб қилиш керак.
Нега бошқа касалликларга қараганда, ўсмадан иборат касалликларни ташхислаш кечроқ бўляпти. Бунга сабаб шуки, биринчидан, беморлар муайян вақт ўтказиб мурожаат қилишади, иккинчидан, касаллик оғриқсиз кечади. Токи касаллик кучайиб, асорати пайдо бўлмагунча организмда оғриқ кузатилмайди.
Ўсма ҳужайралари оғриқ сезадиган нерв толаларини емириб боради. Одамларнинг баъзан ғафлатда қолиши ҳам шундан. Агар касаллик 3 ёки 4-босқичга ўтган бўлса, даволаш осон кечмайди.
– Онкологик касалликлар иссиқ ёки совуқда турлича ривожланадими?
– Йўқ. Бу илмий жиҳатдан аниқланмаган. Онкологик касаллик ривожланиш жараёнига ўтган бўлса, қуёшда тобланиш мумкин эмас. Кучайиб кетиш хавфи бор. Маълумотларга кўра, Яқин Шарқ аҳолисида онкологик касалликлар жуда кам учрар экан. Бу жойларда касаллик кам бўлишига турлича тахминлар бор.
Масалан, қанд ўсма касаллигини ўстириб юборади. Қарангки, Яқин Шарқ аҳолиси ширинликни кўп истеъмол қиларкан. Лекин бошқа давлатларга нисбатан касаллик 5–6 баравар кам. Нега?
Ҳаммага маълумки, бир йилда бир ой рўза тутилади. Айнан рамазон ойида ўсма ҳужайралари ривожланмай қоларкан. Бу қуруқ гап эмас, илмий жиҳатдан исботини топган. Ундан кейин тозалик ва организмнинг маълум бир режимга тушиши ҳам муҳим аҳамиятга эга. Масалан, беш вақт намоз ўқиш ҳам инсон ҳаётини тартибга солади. Буни америкалик ва европалик олимлар ҳам тасдиқлашган.
– Ошқозон касалликлари ҳақида ҳам сўзлаб берсангиз.
– Ошқозонда кўп кузатиладиган касалликлардан бири гастритдир.
Гастрит – ошқозон шиллиқ пардасининг яллиғланиш жараёни бўлиб, оқибатда мазкур орган патологик ўзгаришларга учрайди. Бу касаллик турли сабабларга кўра пайдо бўлиши мумкин ва у турли кўринишда кечади.
Меъда шиллиқ қаватининг яллиғланиши — парҳез қилмаслик, пала-партиш овқатланиш, бир-икки кун туриб қолган овқатни ейиш ва бошқа сабаблар оқибатида пайдо бўлади. Агар ўз вақтида эътибор берилмаса, ошқозон ва ўн икки бармоқли ичакда яра ҳосил бўлади. У ҳам ўз вақтида даволамаса, турли асоратлар келиб чиқади. Энг ёмони, рак касаллиги «дунёга келади». Ўзбекистонда меъда раки иккинчи ўринда туради. Ошқозон касалликлари орасида гастрит, яра, полиплар ва рак энг кўп учрайди.
– Қайси хасталиклар вақтида даволанмаса, саратонга айланади?
– Айниқса, ошқозон-ичак касалликлари ва бошқа сурункали касалликларнинг хавфли ўсмага айланиш эҳтимоли кўпроқ. Айтайлик, сурункали гастрит. Бемор узоқ вақт даволаниб юравергач, меъдадаги яра ўсмага айланади. Жигардан сафронинг келиши, ошқозон ости безидан махсус суюқлик ажралиб чиқиши, хавфли ўсманинг олдини оладиган ҳужайраларни ҳолсизлантириб, уларнинг ривожланишига йўл қўймайди.
Меъда, яъни ошқозон яраси хавфли ўсмага айланишга мойил касалликлар орасида биринчи ўринда туради. Иккинчиси, йўғон ичакдаги турли касалликлардир. Йўғон ичакда ҳеч қачон ўз-ўзидан ўсма ҳосил бўлмайди. Узоқ йиллар давомида йўғон ичак фаолиятининг бузилиши оқибатида ўсма пайдо бўлади. Ингичка ичакда ҳам ўсма учрайди. Умуман, дунё миқёсида олиб қарайдиган бўлсак, ўсма касалликлари йўғон ичакда кўп кузатилади.
– Қайси ичак касалликлари инсонни қайта-қайта безовта қилади?
– Тиббиётда ўткир ва сурункали касаллик деган тушунча бор. Сурункали касаллик бир ойда, бир йилда ёки маълум бир шароитда пайдо бўлади. Мисол учун, сурункали бронхит ёки сурункали пневмонияни олайлик. Бу касалликлар охиригача даволанмаслик натижасида қайталайверади. Ёки сурункали гастрит. Қачонки, парҳез бузилса, бу касаллик ҳам қайта-қайта «ўзини эслатаверди».
Ўт қопи касалликлари ҳам ошқозон-ичак касалликлари турига киради. Парҳезга мутлақо амал қилмаганларда жигар фаолияти бузилиб, сафро йиғилиб, ўт қопида тош пайдо бўлади.
Йўғон ичакнинг фаолияти истеъмол қилинадиган овқатларга боғлиқ. Еган-ичганимизга қараб, йўғон ичакнинг фаолияти тезлашади ёки секинлашади.
Нега олимлар кечқурунги соат олтидан кейин таом емасликни тавсия қилишади? Чунки овқат ҳазм бўлиши учун камида уч-тўрт соат вақт керак. Ухлашдан олдин овқат ейилса, ошқозон, ингичка ва йўғон ичаклар шиддат билан ишлолмайди. Оқибатда турли касалликлар келиб чиқади. Агар шундай ҳолатлар тез-тез такрорланса, сурункали ва ўткир касалликлар кучайиб бораверади. Шуни унутмайликки, ҳар қандай хасталикнинг олдини олиш ўз қўлимизда.
Суҳбатдош: Зиёда РАЖАБ қизи



