Ўзбек ва қирғиз фуқароларига ID-карта орқали чегарани кесиб ўтишга рухсат берувчи ҳужжат имзоланди

45

Жорий йил 27 январдаги Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида 2006 йил 3 октябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида имзоланган фуқароларнинг ўзаро бориб-келишлари тўғрисидаги Битимга ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги Баённома ўзаро алмашилган эди.

Унга кўра, Ўзбекистоннинг барча фуқаролари Қирғизистонга, худди шундай Қирғизистон фуқаролари Ўзбекистонга ID-карта орқали киришлари мумкин бўлади (илгари фақат хорижга чиқиш паспорти билан мумкин эди).

Мазкур Баённома 26 апрель куни Президент Мирзиёевнинг тегишли қарори билан тасдиқланди.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ ТИВ Ўзбекистон томонидан ушбу халқаро шартноманинг кучга кириши учун зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли органлар тўғрисида Қирғизистон томонига тегишли билдиришномани юборади.

Икки давлат фуқароларининг соддалаштирилган тартибдаги чегарани кесиб ўтишларига рухсат Қирғизистон томонининг ҳам ушбу ҳужжатни тадиқлаши билан кучга киради.