Бугунги сана муносабати билан Ishonch.uz мухбири фаол журналистларга бир қатор саволлар билан юзланди. Биринчи суҳбатдош тележурналист Гулмира Мусажонова бўлди.
– Бугун журналистларни қандай муаммолар ўйлантиряпти?
– Муаммолар талайгина. Чунончи, ҳозир ахборот олиш осон эмас. Журналистлар учун улар истаган даражада очиқлик йўқ. Раҳбарлардан интервью олиш ҳамон мушкул. «Хат билан чиқинг» деган талаблар ҳалиям мавжуд. Устига-устак, журналистларда эркинлик етишмайди, ўзларига ишончи ҳам ҳаминқадар. Катта аҳамиятга эга тадбирларда улар раҳбарларга «Илтимос, интервью беринг», деб мурожаат қилишади. Аслида тадбирни ёритиш фақат журналист учун керак эмас. Демак, у ийманмаслиги, дадил бўлиши зарур.
Айтиш керакки, бугунги кунда жамиятнинг журналистларга ишончи ва ҳурмати сусайган. Бунга ҳамкасбларимизнинг ўзлари ва тизим айбдор. Агар журналистика мустақил бўлса ва ҳеч кимга қарам бўлмаса, унинг нуфузи ошади. Журналистика бажариши керак бўлган вазифаларни аниқ бажарса ва бунга жамиятнинг ўзи тўсқинлик қилмаса, соҳада самарадорлик ошади.
Бизни қийнайдиган энг асосий муаммолардан яна бири ички цензурадир. Мавзуни ҳафталаб ўрганиб, тарафларни тинглаб тайёрлаган мақоламиз ёки кўрсатувимиз «пати юлинган» ҳолатда оммага тақдим этилади. Бу журналистлар обрўсига путур етказади. Энг муҳими, хато-камчиликларга йўл қўйган масъуллар бир четда қолиб, муаммони кўтариб чиққан ва ҳақ гапни айтган журналист жазоланмаслиги керак.
– Сизнингча, журналистика тўртинчи ҳокимиятга айланяптими?
– Тўғрисини айтсам, ҳозирча матбуот тўртинчи ҳокимият бўла олгани йўқ. Мабодо, жамият ривожланишни хоҳласа, чин маънода демократик давлат бўлишни истаса, матбуот эркин бўлиши керак. Сўз эркинлиги бўлмас экан, у ўз вазифасини тўлиқ бажара олмайди. Демократиясиз, сўз эркинлигисиз матбуот матбуот эмас.
– Соҳада қандай камчиликлар кузатилмоқда?
– Журналист, аввало, ўзини танқид қилиши керак. Мен тележурналистман ва шу йўналишда кўрган-билганларим ҳақида гапираман. Билимимиз саёзлиги, савиямиз пастлиги, масалага чуқур ва жиддий қарамаслик, ўртамиёналик, профессионаллик етишмаслиги экранда яққол кўринади. Имловий ва услубий хатоларга тўла матнлар ёзишади. Тез-тез қўл учида кўрсатув тайёрлаб оммага тақдим этишади. Аслида тележурналист билимини узлуксиз ошириб бориши, ҳам нутқи, ҳам қалами устида ишлаши лозим.
Эндиликда бизга яхши маънода цензура керак. Ўзингизда ички цензура бўлса, касбингиздан шахсий манфаатларингиз йўлида фойдаланмайсиз. У бизни ахборотни нохолис ёритишдан ҳам қайтаради.
.
