ishonch.uz сайти театр репертуарлари ҳақида маълумот беришда давом этади
Дам олиш кунларини мароқли ўтказишга чоғланяпсизми? Яна у маънавий озуқа берсин, дейсизми? Унда театрларга боринг.
Жумладан, шанба ва якшанба кунлари Ўзбек миллий академик драма театрида комедия жанридаги “Келди-ю, кетди” ҳамда “Ўжарлар” спектаклларини томоша қилишингиз мумкин.
Фарҳод Файзиев қаламига мансуб “Келди-ю, кетди” саҳна асарида бош ролларни Авазхўжа Қодиров, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Лола Элтоева, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Дилноза Кубаева, Ғайрат Боймирзаев каби севимли актёр ва актрисалар ижро этишган.
Спектаклда ўз ҳаётига бепарволик билан қараган қаҳрамоннинг ҳаёти шу қадар оғирлашадики, охир-оқибат бир қарашда оддий кўринган ёлғоннинг ёнидан ўтиб, тўғри йўл қаерда эканини тушунолмайди. У яқинлари олдида обрўсини йўқотади, меҳр ва муҳаббат йўқолади. Асарда меҳр ва садоқат кўрсатмаган одам қандай қилиб кулгили ҳолатга тушиб қолиши кўрсатилган.
“Ўжарлар” – комедия жанридаги ушбу спектаклда Ҳожиакбар Комилов, Зуҳра Ашурова, Дилноза Кубаева, Теша Мўминов, Саида Раметова, Тоҳир Саидов каби атоқли санъаткорлар қаҳрамонларни жонли саҳнада гавдалантиришган.
Бу комедия атоқли Қорақалпоқ адиби Ўрозбой Абдураҳмоновнинг қаламига мансуб. Асарда бўлажак қудалар Матриза ва Холмуродларнинг ўжарлиги ва тажанглиги туфайли уларнинг фарзандлари — Қоракўз ва Сафарнинг тўйлари бузилади. Аммо дунё ўзгарган. Тошкентда ўқийдиган севишганлар эса оталарнинг ўжарлиги туфайли тақдирларини тескари оқишини исташмайди. Ўзларича тўй қиладилар. Ўртада фарзанд дунёга келади. Матриза ва Холмурод энди ярашишишга мажбурлар. Улар энди «талашмасликка» — дунё бошқаларнинг ҳам истак-иродасидан иборат эканини тан оладилар.
Маълумот ўрнида айтиш керакки, май ойида театр ижодий жамоаси иккита премъерани томошабинларга тақдим этишади: “Шаддод она” ва “Чиройлисан муҳаббат”. Ўйлаймизки, булар ҳам одамлар меҳрини қозонган саҳна асарлари қаторида халқимиз кўнглидан чуқур жой олади.
Қуйида Ўзбек миллий академик драма театрининг май ойи репертуари билан танишишингиз мумкин:




