Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов автоуловлар таъмири учун 150 миллион сўм маблағ йўналтириш юзасидан қарор қабул қилди. Мазкур сумма Республика бюджетидан вилоят бюджетига ажратилган ссуда маблағлари ҳисобидан ажратилган.
Ҳужжатда таъмирга муҳтож автомобилларнинг сони кўрсатилмаган. Бироқ бу – ҳокимлик балансидаги барча автомобиллар бирваракайига ишдан чиққан тақдирда ҳам ҳар бирининг таъмири учун 7 миллион 500 минг сўмдан пул ажратилди, дегани.
Вилоят ҳокимлиги расмий сайтидаги очиқ маълумотларга кўра, айни пайтда ташкилот тасарруфида 20 та хизмат автомашинаси мавжуд. Уларнинг 5 таси хорижий маркадаги, қолганлари эса «UzAutoMotors» корхонасида ишлаб чиқарилган уловлардир. Шу билан бирга, 15 та маҳаллий автоуловнинг бор-йўғи 2 тасини нисбатан арзонроқ – “Nexia 3” русумли машиналар ташкил этса, 13 таси нархи анчайин баланд ҳисобланмиш “Lasetti” ва “Captiva” русумли автомобиллар саналади.
Давлат органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, бдюжет маблағларини оқилона ишлатиш, ортиқча харажатларнинг олдини олиш масаласи ҳақида матбуотда, ижтимоий тармоқларда бонг уриб келинади. Айни масалада Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 29 апрелдаги “Давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларидан фойдаланиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳам қабул қилинган. Аммо давлат идоралари, жумладан, маҳаллий ҳокимият органларида мазкур қарор талабларига нечоғли риоя этилаётгани катта сўроқ остида.
Хусусан, юқоридаги қарор билан давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларида хизмат автотранспорт воситаларини бириктириш меъёрлари белгиланган бўлиб, унда автоуловларни фақатгина раҳбар ва унинг ўринбосарларига бириктириш масаласи кўзда тутилган. Шундан келиб чиқилса, вилоятда ҳоким унинг ва унинг 8 нафар ўринбосари учун жами 9 та автоулов ажратилиши керак. Бундан ташқари, ҳужжатда ҳокимликларга делегация ва меҳмонларга хизмат кўрсатиш мақсадида транспорт сақлашнинг лимити белгиланган бўлиб, Андижон вилояти ҳокимлигида бу миқдор 5 тадан ошмаслиги шарт. Бироқ айни пайтда ҳокимлик ушбу чекловга амал қилмаётгани кўзга ташланмоқда, яъни нақ 7 та автоулов “нуфузли меҳмонлар” хизматига шай турибди. Бу жиҳатлар эса ҳокимлик автомобиллар сони ва сарф-харажатлари борасида ўрнатилган меъёрлардан анчайин четга чиқаётгани хусусидаги хулосаларга ундайди.
Эслатиб ўтамиз, давлат раҳбарининг шу йил 25 январдаги “Республика ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини самарали йўлга қўйишга доир биринчи навбатдаги ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан катта миқдордаги бюджет маблағларини иқтисод қилишга эришилиши, хусусан, дастлабки ҳисоб-китобларга мувофиқ, автотранспорт воситалари сонини, шу жумладан, ёқилғи-мойлаш, шиналарни алмаштириш харажатларини қисқартириш ҳисобига 70 миллиард сўм бюджет маблағлари иқтисод қилинаётгани қайд этилган эди.
Муҳаммад Зиё



